شرح ألفاظ الأذان
كتاب ألفاظ الأذان شرح مختصر لمعاني ألفاظ الأذان بأسلوب يناسب غير المسلمين
Азондаги сўзларнинг маънолари
Ҳар хил тиллардаги Исломий мазмунга эга хизматлар бўйича илмий қўмита
Азон – мусулмон киши кунига беш маҳал эшитадиган раббоний нидо. У – Аллоҳнинг буюклигини эслатади ва инсонни яхшилик ва нажотга чорлайди. У – инсон ва Холиқи ўртасидаги боғланиш лаҳзаси, инсон дунё шовқинидан узилиб, Раббига муножот қилиш учун туриш вақти. Азон – шунчаки намоз вақтини билдирувчи эълон эмас, балки у хотиржамлик, иймон ва Аллоҳ билан алоқани янгилашга бўлган даъватдир. Азон – Аллоҳни улуғлаш билан бошланиб, мусулмон сакийнат топадиган намозга даъват билан якунланадиган олий маъноларни ўзида жамлаган чақириқдир. Ҳар гал азон садоси янграганда, қалбга ҳақиқий ҳаёт Аллоҳга яқинликдан бошланиши ҳақида шивирлайди.
Азон сўзлари:
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар
Аллоҳу акбар
«Аллоҳ» лафзи жалоланинг маъноси — Маълуҳ, яъни Маъбуд деганидир. У Яратувчи Рабб азза ва жалланинг исми. Барча илоҳий исмлар ушбу исмга тобе бўлиб, У Зотни сифатлайди. Аллоҳ – Воҳид ва Аҳаддир. У туғмаган ва туғилмаган. У осмонлару ернинг Яратувчиси.
«Аллоҳу акбар» сўзининг маъноси: Аллоҳ барча нарсадан улуғ ва Ўз жалоли ва камолига нолойиқ нарсалар нисбат берилишидан буюкдир.
Аллоҳу акбар.. Ушбу ибора мусулмонга бу ҳаётдаги ҳеч бир нарса Яратувчисидан чалғитмаслиги кераклигини, инсон ўз ҳаётида ҳавойи нафси ва шаҳватларига эмас, аксинча Аллоҳнинг иродаси ва шариатига мувофиқ яшамоғи лозимлигини эслатади. Зеро, Аллоҳ дунёдаги барча нарсадан улуғдир.
«Аллоҳу акбар» садоси янграганда ҳунарманд ясаётган нарсасини қўяди, деҳқон кетмонини ташлайди, муаллим дарсини тўхтатади, савдогар эса дўконини ёпади. Зеро, Аллоҳ ҳар қандай иш ва меҳнатдан буюкдир. Ана шу лаҳзада барча ишларни қўйиб ибодатга юзланиш – мўминнинг қалбида дунёнинг барча матоҳларидан кўра Аллоҳ улуғроқ эканига далилдир. Аллоҳ ҳар қандай бало-мусибатдан ва ҳаётдаги ҳар қандай ҳолатдан улуғдир. Ушбу маъноларга иймон келтирган инсон учун қийинчиликлар арзимас бўлиб қолади, изтироблар сўнади ва қалбига сокинлик киради. Чунки, у Аллоҳ билан бирга, Унинг қазосига рози, ҳикмати ва тадбирига ишончи комил.
Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман, Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман
Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман
Бу — биринчи шаҳодат. Маъноси: Аллоҳ таоло ҳар бир нарсанинг Яратувчиси, Рабби, Молики ва Барча ишларни бошқарувчиси эканини тан олишдир. Шунингдек, фақат Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиниши керак, Ундан бошқа ҳақиқий маъбуд йўқ, Унинг шериги ҳам, фарзанди ҳам, ўхшаши ҳам йўқ ва У Ягона деб иймон келтиришдир. Шунинг учун Аллоҳдан ўзгага ибодат ва дуо қилинмайди.
Бу шаҳодат борлиқдаги энг буюк шаҳодат ва барча илоҳий рисолатлардаги иймоннинг асли. Барча пайғамбарлар – Нуҳдан тортиб, Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад алайҳимуссаломгача – ўз қавмларини «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» деган ҳаққа чақирган, уни тан олишга, қалбан иймон келтиришга даъват қилган. Ушбу буюк калима учун Аллоҳ махлуқотни яратди, пайғамбарларни юборди, китобларни нозил қилди ва холис қалбдан айтган киши учун жаннатни мукофот қилди ва яқинан ишонган ҳолда вафот этган киши учун дўзахни ҳаром қилди.
У – иймоннинг калити, нажот эшиги, диннинг асли ва тавҳиднинг асосидир.
Бу муқаддас калима учун Қиёмат куни инсонлар қабрларидан қайта тирилтирилади ва ҳисоб китоб қилинади. Бу сўз сабабли инсонлар қабрларидан қайта тирилтириладилар ва Қиёмат кунида ҳисоб-китоб қилинадилар. Ким бу калима билан яшаб, ҳаётини у билан якунласа, буюк ғалабага эришган бўлади. Ким уни инкор этиб, тилига олмаса, жаҳаннам азоби билан абадий қолади.
Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари, деб гувоҳлик бераман. Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари, деб гувоҳлик бераман.
Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари, деб гувоҳлик бераман
Бу шаҳодатнинг маъноси: Мусулмон бу шаҳодат билан Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни илоҳий рисолатлар хотами ва Раббининг рисолатини инсонларга етказувчи қилиб юборганини тан олади. Яна инсон англайдики, Аллоҳнинг розилигига эришиш ва ҳақиқий ибодат йўли фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтиришда, У зотнинг йўлида юришда ва олиб келган шариатига буйсунишдадир. Инсоннинг ҳар қандай ибодати, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлига тўғри келмаса, у ботилдир. Дунё ва охиратда эгасига фойда эмас, зиён беради. Аксинча, бу амали учун ғисобга тортилиб жазоланади, Чунки у Аллоҳга Расулуллоҳ кўрсатгандай эмас, ўзи билгандай амал қилди.
Бу шаҳодат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва оламлар Раббининг элчиси, шунингдек, расулларнинг охиргиси ва У зотдан кейин бошқа пайғамбар йўқлигини ўз ичига олади. Шунингдек, У зот олиб келган барча оятларга ва уларнинг энг улуғи Қуръони Каримга иймон келтиришни ҳам ўз ичига олади. Қуръони карим эса қўшимча, нуқсон ва ўзгартиришлардан сақланган ҳолда, ўзи нозил бўлган тилда ҳали ҳам сақланиб келаётган сўнгги илоҳий рисолатдир. У балоғати, ҳукмлари ва ҳидоятида тенгсиз. Аллоҳ таоло инсониятдан унга ўхшаш ҳеч бўлмаса битта сура олиб келишларини талаб қилди. Аммо улар йиллар давомида бундан ожиз қолдилар ва инсоният бугунги кунгача ҳам бундан ожиздир.
Бу шаҳодат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, худди ўзларидан аввалги Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳимуссалом каби, инсонларни тавҳидга қайтариш учун келганларини англатади. У зот оламлар Раббининг расули бўлиб Раббиларининг рисолатларини етказишда барча анбиёлар юрган йўлдан юрганлар. Лекин шуни ҳам эсдан чиқармаслигимиз керакки, У зотдан кейин бошқа пайғамбар йўқ.
Намозга келинглар, намозга келинглар
Намозга келинглар
Бу иборанинг маъноси: Эй мўминлар, Раббингиз ибодатига юзланинглар, зеро У Мағфиратли, Раҳмли, тавбаларни қабул қилувчи ва гуноҳларни авф этувчи Зотдир.
Аллоҳ бир инсонни бир кунда беш маҳал мусулмонлар жамоаси бўлган ҳар маконда: «Келинглар, Раббингиз ибодатига юзланинглар», дея даъват этишга буюриши нақадар улуғ шараф!
Бу мўминлар Раббиларига ибодат қилиш вақти келганини, уларни машғул қилган дунё ишларидан воз кечиб ибодатга юзланиши ҳамда қўлларидаги тижорат ёки зироатни тарк этиб, Аллоҳга юзланиши лозимлигини эслатувчи нидодир. Бу эса иймоннинг содиқлигига ва унинг барча дунё матоҳларидан устун эканига далилдир.
У инсонларни банда билан Рабби ўртасидаги бевосита алоқа бўлган намозга даъват этувчи нидо. Намоз эса, табақаланишни йўққа чиқарадиган, инсонларни ўз Раббилари ҳузурида баробар қиладиган ибодатдир.
Нажотга келинглар Нажотга келинглар
Нажотга келинглар
Фалаҳ, яъни розилик, ютуқ, дунё ва охиратда саломатлик ва нажот, абадий саодат ва тўғри йўлга ҳидоятдир.
Унинг маъноларидан бири – Аллоҳнинг розилигига эришиш, жаннатга кириш ва дўзахдан нажот топишдир. Зеро, ким иймон келтириб, намоз ўқиса, батаҳқиқ, нажот топибди. Ким нажот топган бўлса, у дўзахдан қутулиб, жаннатда абадий қолиш ютуғига эришибди.
Муаззин ҳар бир намоз вақтида мўминларга омонлик ва хотиржамлик, қалб роҳати, руҳ поклиги ҳамда дунё ва охират саодатига юзланишни эслатиб туради.
Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илааҳа иллаллоҳ
Охирида такбир ва тавҳид калимасини айтиш.
Азон «Аллоҳу акбар» жумласини такрорлаш ва «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни таъкидлаш билан якунланади. Бу икки жумла аввалги маъноларнинг таъкиди ва инсоният борлиғининг асоси. Инсон уни идрок этса-да, этмаса-да, билса-да, билмаса-да, коинот ва борлиқдаги энг содиқ ҳақиқатидир. Зеро, буюк ҳақиқатларга баъзи инсонларнинг жоҳиллиги зарар етказа олмайди. Аллоҳ ҳамма нарсадан Буюк, ёлғиз Аллоҳгина ҳақ илоҳ, У Зотнинг Ўзигина ибодатга ҳақли ва Ундан ўзгага қилинган ибодат ботил деган ҳақиқатлар замонлар ўтиши ва воқеалар алмашиши билан ҳеч қачон ўзгармайди.
Бу – Аллоҳ улуғлаган нарсани улуғлашга ҳамда Аллоҳ, Расуллари ва мўминлар гувоҳлик берган нарсага шаҳодат келтиришга даъватдир.
Хотима ўрнида айтамизки: Азон намозга бўлган шунчаки бир нидо эмас, балки у нажот, зафар ва муваффақиятга чақирувчи нидодир. У масжидларда ҳар куни беш маҳал янграганида, қалбларни уйғотади, бизга Аллоҳ яқин эканини, тинчлик ва осойишталик мумкинлигини ва нажот йўли намоз ва банданинг ўз Холиқи билан боғланишидан бошланишини эслатиб туради.
Шунинг учун муаззин билан бирга «Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Ла илаҳа иллаллоҳ» деб қайтаринг. Тавҳид шаҳодатини такрорлаб, Аллоҳ Ўзига гувоҳлик берган нарсага ва Унинг пайғамбарлари олиб келган ҳаққа гувоҳлик беринг, шунда нажот топувчи ва муваҳҳид мусулмонлардан бўласиз.
Қалбингизни иймонга очинг ва: «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадар-расуулуллоҳ», деб айтинг. Шунда Аллоҳнинг раҳматига кирасиз, дунёда саодатга эришиб, охиратда нажот топасиз ва Қиёмат куни мўминлар сафида қайта тирилтириласиз.