Ҳаж амалининг сифати
Шайх, аллома Аллоҳ у кишини, ота оналарини ва барча мусулмонларни мағфират айласин! Оламларнинг Рабби Аллоҳ таолога ҳамдлар, Набийимиз Муҳаммадга, оилалари ва барча асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин! Аммо баъд: Мен бу ўринда ҳаж мавсумининг яқинлашуви муносабати билан, у ҳақида сўзлаб бериш имкони туғилгани учун, барча мусулмон биродарларимга мурожаат қилмоқдаман. Бу ишимни Аллоҳ таолонинг юзини истаб қилишга тавфиқ беришини ҳамда Унга яқинлаштирувчи амал бўлишини тилайман. Албатта, У жуда сахий ва карим Зотдир.
These files are generated automatically from the book's text; their layout may differ from the printed edition.
Ҳаж амалининг сифати
Шайх, аллома
Муҳаммад ибн Солиҳ ал Усаймин
Аллоҳ у кишини, ота оналарини ва барча мусулмонларни мағфират айласин!
Оламларнинг Рабби Аллоҳ таолога ҳамдлар, Набийимиз Муҳаммадга, оилалари ва барча асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин! Аммо баъд:
Мен бу ўринда ҳаж мавсумининг яқинлашуви муносабати билан, у ҳақида сўзлаб бериш имкони туғилгани учун, барча мусулмон биродарларимга мурожаат қилмоқдаман. Бу ишимни Аллоҳ таолонинг юзини истаб қилишга тавфиқ беришини ҳамда Унга яқинлаштирувчи амал бўлишини тилайман. Албатта, У жуда сахий ва карим Зотдир.
Ҳаж ҳақидаги сўз қисқача шундай баён қилинади:
1. Сафарга оид аҳкомлар.
2. Ҳаж қачон фарз қилинган ва кимлар учун фарз?
3. Ҳаж ва умра қилмоқчи бўлган инсон қаердан эҳромга киради?
4. Маносиклар ва уларнинг энг афзали.
5. Таматтуъни (яъни ҳажнинг таматтуъ тури) адо этиш тартиби — умра учун эҳромга киришдан бошлаб, ҳаж тугагунга қадар бўлган амалларнинг қисқача баёни.
6. Видолашув тавофи.
7. Эҳромда таъқиқланган амаллар.
8. Бу таъқиқланган ишларни қилиш ҳукми.
9. Масжиди Набавийнинг зиёрати.
Сафарга оид аҳкомлар
Ҳаж албатта сафарсиз бўлмайди, балки унинг ўзи ҳам бир сафардир. Шунинг учун бу ерда сафарга оид баъзи ҳукмлар ҳақида сўз юритиш муҳим ҳисобланади. Чунки сафарнинг ўзига хос шариат ҳукмлари бор ва уларнинг энг муҳими намозга тааллуқлидир. Бу ҳукмлар қуйида қисқача баён этилади:
1. Таҳорат:
Мусофир киши агар сув топса, таҳорат ва ғуслини сув билан адо этиши лозим. Агар сув топа олмаса, таяммум қилади. Яъни пок тоза тупроққа (ёки шариатда жоиз бўлган бошқа юзага) қўл уриб, юзи ва қўлларига у билан масҳ тортади. Таяммум қилиш тартиби шундай: ерга бир марта уриб, бутун юзини сийпаб масҳ қилади. Сўнг қўл учидан то билагигача — яъни қўлнинг билакка туташган жойигача — икки қўлига ҳам масҳ қилади.
Шу билан у тўлиқ таҳорат олган бўлади. Унинг таяммуми сув билан олинган таҳорат бузиладиган нарса билан ёки сув топгандагина бузилади. Агар пешинда таяммум қилса ва таҳоратида асргача қолса, асрга янги таяммум олмайди, аксинча, ўша таяммумида ўқийверади. Ҳудди шундай шом ва ҳуфтон намозларида ҳам таҳорати бузилмаган бўлса, намозини ўқийверади ва янги таяммум олмайди.
Агар мусофир жунуб бўлиб қолса ва сув топа олмаса, таяммум қилади. Шу билан жунубликдан покланади. Агар сув топса, қайтадан жунублик ҳолатига қайтади ва ғусл қилиши вожиб бўлади. Агар пешоб ёки ҳожат ўташ орқали таҳоратини бузса, таяммум қилади. Агар сув топса, яна таҳорати бузилади ва таҳорат олади. Чунки ҳадисда: «Пок тупроқ — мусулмоннинг таҳоратсувидир, агар у сувни ўн йил тополмаса ҳам. Лекин агар у сувни топса, Аллоҳга тақво қилсин ва сувни танасига тегизсин», – дейилган. Бошқа ҳадисда: «Мусулмоннинг таҳоратидир», деб келган. Имом Аҳмад ривояти. Тирмизий бу ҳадисни ҳасан саҳиҳ деб атаган[1]. Мусофир махсисига уч куну уч тун, муқим эса бир куну бир тун масҳ тортади. [1] Имом Абу Довуд 332, Тирмизий 124, Насоий 323, Аҳмад ибн Ҳанбал (5/146)-рақамларда ривоят қилган. Бу лафз эса Баззордаги ривоят (9/387) 3973-рақам.
2. Фарз намози ҳақида
Шундай экан, мусофир киши тўрт ракъатлик намозларни — яъни: пешин, аср ва хуфтон намозларини — икки ракъат қилиб ўқийди. Бу ҳукм киши ўз юртидан сафарга чиққани заҳоти бошланади ва юртига қайтгунича давом этади. Сафар қанча давом этиши — узоқми, қисқами — муҳим эмас, намозни қисқартириш (қаср қилиш)га рухсат бор. Саҳиҳ Бухорийда Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан (Видолашув ҳажида) Мадинадан Маккага йўлга чиқдик. Мадинага қайтгунча икки ракъат икки ракъатдан ўқидик», – деди. Мен: “Маккада бироз турдингизми?” деб сўрадим. У киши: “У ерда ўн кун турдик”, деб жавоб берди». [2] [2] Имом Бухорий 1081 ва имом Муслим 693.
Оиша разияллоҳу анҳодан ҳам ривоят қилинади: «Аллоҳ таоло намозни фарз қилганда муқимликдагини ҳам сафардагисини ҳам икки ракъатдан фарз қилди. Сафар намози олдинги ҳолда қолди муқимликдагиси эса зиёда қилинди». [3] [3] Имом Бухорий «Намоз китоби», «Намоз қай тарзда Исро воқеасида фарз қилинди?» бобида, 350-рақамда ривоят қилган. Шунингдек, Имом Муслим ҳам бу ҳадисни «Сафардаги намоз ва уни қисқартириш» китоби, 685-рақамда ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Намоз икки ракъатдан фарз қилинди. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилдилар ва тўрт ракъат ўқиш фарз қилинди ва сафар намоз аввалги ҳолида қолди». [4] [4] Бу ривоятни Имом Бухорий «Фазилатлар китоби»да, «Тарихни қаердан бошлаб ҳисоблашган?» бобида, 3935-рақам остида келтирган.
Муслим ривоятида: «Сафар намози эса аввалги фарзлигича қолди», дейилган. [5] [5] Имом Муслим (2/685).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор марта сафарда намозни тўрт ракъатдан ўқиганлари собит бўлмаган. Шунинг учун кўп аҳли илмлар мусофир тўрт ракъатли намозни икки ракъат ўқиши вожиб деганлар. Саҳиҳ Бухорийда Абдураҳмон ибн Язид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу Минода бизга тўрт ракъат қилиб намоз ўқиб берди. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Масъудга айтилган эди, истиржоъ айтди-да, сўнг шундай деди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Минода намозни икки ракъат ўқиганман. Абу Бакр билан ҳам Минода намозни икки ракъат ўқидим. Умар ибн Хаттоб билан ҳам Минода намозни икки ракъат ўқидим. Қани эди насибам тўрт ракъат ўрнига мақбул икки ракъат бўлса». Изоҳ: Истиржоъ — «Иннаа лиллааҳи ва инна илайҳи роожиъун» («Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, Унга қайтувчимиз») дейиш. Бу ибора одатда мусибат етканида айтилади. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Усмон разияллоҳу анҳу намозни тўлиқ (яъни тўрт ракъат) қилиб ўқишларини мусибатлардан деб ҳисоблади. Шунинг учун истиржоъ қилди ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ундан кейинги икки халифаларининг суннати бунга тескари бўлганини хабар бердилар. [6] Имом Бухорий 1084 ва имом Муслим 695.
Усмон розияллоҳу анҳу халифалик даврида олти ёки саккиз йил давомида Минода намозларни қаср қилиб ўқир эдилар. Кейин эса тўлиқ ўқий бошладилар. Бу ҳақда Саҳиҳ Муслимда Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода мусофирнинг намозини ўқидилар, Абу Бакр ва Умар ҳам. Усмон эса саккиз [ёки олти] йил (шундай қилди). [7] Намозни тўлиқ ўқиши, у кишининг ўзларича тўғри деб билган таъвил сабабли бўлган эди. Бу таъвил борасида ривоятлар ва уламоларнинг сўзлари турлича бўлган. [7] Имом Муслим (18/694).
Агар мусофир намозни тўлиқ ўқийдиган имом ортида ўқиса, тўлиқ ўқиши керак. Саҳиҳ Муслимда Мусо ибн Салама Ҳузалий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Аббос разияллоҳу анҳудан: «Маккада бўлганимда имом орқасида бўлмасам қандай намоз ўқийман?» – деб сўрадим. Шунда: «Икки ракъат ўқийсан. Бу Абул Қосим (яъни Муҳаммад) соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатлари», – дедилар. [8] [8] Имом Муслим 688.
Яна Нофеъдан ривоят қилинади: «Ибн Умар (сафарда) имом билан бирга ўқиганда тўрт ракъат қилиб ўқирди. Бир ўзи ўқиганда эса икки ракъат қилиб ўқирди». [9] [9] Имом Муслим (17/694).
Имом билан намозни хоҳ бошиданоқ ўқиган бўлсин, хоҳ унинг ўртасида қўшилган бўлсин — бунинг фарқи йўқ! Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умумий сўзларига асосан: «Намоздан қанчасига етишсангиз, ўшани ўқинглар, ва нимаси қолиб кетган бўлса, уни тўлдиринглар». [10] [10] Имом Бухорий 635-636, имом Муслим 602-603.
Энди мусофир пешин билан асрни, шом билан хуфтонни жамлашига келсак, улов миниб кетар экан жамлаши суннатдир. Саҳиҳ Бухорийда Иън Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам, агар сафарда улов миниб кетаётган бўлсалар, пешин билан асрни ҳамда шом билан хуфтонни қўшиб ўқир эдилар». [11] [11] Имом Бухорий 1107-рақамда муаллақ ривоят қилган.
Агар инсон бир жойда тўхтайдиган бўлса, жам қилмаслиги суннатдир. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Минода турганларида жамламаганлар. Лекин жамлашни хоҳласа, жоиздир. Хусусан бирор иши бўлса ёки дам олиш учун ухламоқчи бўлса. Саҳиҳайнда Абу Жуҳайфа разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккадаги Абтоҳда чарм капаларидан чиқдилар. Абу Жуҳайфа разияллоҳу анҳу айтадилар: «У зот қаттиқ иссиқ пайтида Батҳо томон чиқдилар. Сўнгра таҳорат қилдиларда пешин намозини икки ракъат, аср намозини ҳам икки ракъат қилиб ўқидилар...» [12] [12] Имом Бухорий 3553 ва имом Муслим 503.
Саҳиҳ Муслимда Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилиб айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сафарларида – Табук ғазотида намозни жамладилар: пешин билан асрни ва шом билан хуфтонни жамладилар», деб сўзлаб берди. Мен Ибн Аббосга: «У зот нима учун бундай қилганлар», – дедим. У: Умматларига танглик тўғдирмасликни истаганлар», деди. [13] Имом Муслим Муоз ибн Жабалдан ҳам ҳудди шундай ривоят қилганлар. [14] [13] Имом Муслим (51/705). [14] Имом Муслим 706.
.
3. Нафл намоз
Сафарда бўлган киши муқим (яъни уйда турган) киши каби нафл намозларни ўқиши жоиздир. Улар таҳажжуд, витр, зуҳо (чошгоҳ) намози, масжидга киргандаги таҳиятул-масжид ва қуёш тутилишида ўқиладиган намоз (салатул-кусууф). Саҳиҳ Бухорийда Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади:
«Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам агар сафарда шошилиб турган бўлсалар, такбир айтиб уч ракъат шом ўқир эдилар. Сўнгра салом бериб, бир оз турач, хуфтонга такбир айтар эдилар. Сўнг икки ракъат ўқиб салом берар эдилар. Хуфтондан кейин бирор ракъат қўшимча суннат намоз ўқимас эдилар. Фақат ярим кечада таҳажжуд ўқир эдилар». [15] [15] Саҳиҳ Бухорий 1109 ва имом Муслим 703.
Саҳиҳайнда Саид ибн Ясордан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Умар билан Макка йўлида кетаётган эдим. Тонг отиб қолишидан қўрқиб, тушиб витрни ўқидим. Ибн Умар менга: «Қаерда эдинг?» деди. «Тонг отиб қолмасин деб тушиб витрни ўқиб олдим», дедим. Абдуллоҳ: «Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўрнак эмасмилар?» деди. «Аллоҳга қасамки, ўрнакдирлар», дедим. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам витрни туянинг устида ўқийверардилар», деди». [16] [16] Имом Бухорий 999 ва имом Муслим (36/700).
Яна саҳиҳайнда Абдураҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: «Менга Умму Ҳониъдан бошқа ҳеч ким Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чошгоҳ намозини ўқиганларини кўрганини айтмаган. У Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Макка фатҳи куни унинг уйига кириб саккиз ракъат ўқиганларини айтиб берган». [17] [17] Имом Бухорий 1103 ва имом Муслим (80/336).
Яна Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар бирортангиз масжидга кирса, икки ракъат ўқимагунча ўтирмасин», – деганлар». [18] [18] Имом Бухорий 1163 ва имом Муслим 714.
Оиша разияллоҳу анҳодан ҳам Кусуф намози қиссасида ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қуёш ва ой Аллоҳ таолонинг оятларидандир. Улар кимнингдир ўлими ёки тўғилиши туфайли тутилмайди. Агар уни (тутилганини) кўрсангиз намозга шошилинг!», – деганлар». [19] [19] Имом Бухорий 1046 ва имом Муслим 901.
Ушбу икки ҳадис умумий маънода айтилган бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унда муаййан вақтни ҳам, муқимликни ҳам сафарни ҳам зикр қилмаганлар.
Саҳиҳ Бухорийда Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам нафл намозни қиблага қарамай уловга минган ҳолда ўқийверар эдилар» [20] [20] Имом Бухорий 1094.
«“التطوع” (нафл ибодатлари) сўзидаги “الـ” артикли жинс маъносини ҳам, умумийлик (яъни барча нафлларни қамраб олиш) маъносини ҳам билдириши мумкин. Бунинг иккинчисини — умумийликни — қувватлайдиган жиҳат шундаки: асосий қоидага кўра, нафл ибодатлари шариатда машруъ (яъни жоиз ва савобли) бўлиб қолаверади, токи уларни тарк қилишга оид аниқ бир далил келтирилмагунча. Нафлларни тарк этишга оид далил фақат пешин, шом ва хуфтон намозларининг ротиба (муқаррар суннат) намозлари ҳақида келган, холос. Чунки Саҳиҳ Муслимда Ҳафс ибн Осим ибн Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: Макка йўлида Ибн Умарга ҳамроҳ бўлдим. У бизга пешинни икки ракъат қилиб ўқиб берди. Кейин олдинга қараб юрди, биз ҳам у билан бирга олдинга қараб юрдик. У бориб, қўналғасига ўтирди, биз ҳам у билан бирга ўтирдик. Шунда намоз ўқиган томонига кўзи тушиб, тик турган одамларни кўриб: «Булар нима қилишяпти?» деди. «Нафл ўқийишяпти», дедим: «Агар нафл ўқийдиган бўлсам, намозни тўлиқ ўқиган бўлар эдим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга сафарда ҳамроҳ бўлганман, Аллоҳ У зотни қабз қилмагунча (сафарда) икки ракъатдан оширмадилар. Абу Бакрга ҳам ҳамроҳ бўлганман, у ҳам Аллоҳ уни қабз қилгунча икки ракъатдан оширмаган. Умарга ҳам ҳамроҳ бўлганман, у ҳам Аллоҳ уни қабз қилгунча икки ракъатлан оширмаган. Усмонга ҳам ҳамроҳ бўлганман, у ҳам Аллоҳ учун икки ракъатдан оширмаган. Ахир Аллоҳ: «Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳнинг Расулида гўзал ўрнак бор», деган-ку!» [21] (Таржимондан: Бу ерда нафл деганда равотиб суннатлар, яъни фарз намозидан олдин ёки кейин ўқиладиган суннат намозлар назарда тутилган.) [Аҳзоб: 21] [21] Бу ҳадисни Имом Муслим “Сафарда намоз ўқиш” китоби, “Сафардаги намозлар ва уларни қисқартириш” бобида, 689-рақам остида келтирган. Шунингдек, Имом Бухорий ҳам уни қисқартирилган ҳолда “Қисқартириш” китоби, “Сафарда фарз намоздан кейин нафл ўқимаган киши” бобида 1101–1102-рақамлар остида ривоят қилган.
Шом ва хуфтонни жамлаб ўқишлари ҳақидаги ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ротиб суннатларни сафарда ўқимасликларига далолат қилиши зикр қилинди. [22] [22] Манбаси юқорида зикр қилинди.
Ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг: «Агар нафл ўқишни хоҳлаганимда намозни тўлиқ (яъни тўрт ракъат) ўқиган бўлар эдим», деган сўзларидан мурод, агар фарзни тўлдирувчи ротиба намоз ўқишни хоҳлаганимда намозни тўлиқ ўқиган бўлар эдим деганидир. Чунки у киши уловларининг устида ўтириб нафл ва витр намозларини ўқир эдилар (лекин ротиба суннатларини фарздан олдин ёки ундан кейин ўқимас эдилар) ва: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай қилганлар», – деб айтганларидир.
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ҳам «Саҳиҳ» китобида «Сафарда фарз намоздан олдинги ёки кейинги суннатларни ўқимаслик ҳақидаги боб» ва «Сафарда фарз намоздан олдинги ва кейинги суннатлардан бошқа суннатларни ўқиш ҳақидаги боб» деб мавзу қўйганлар.
Бомдод намозининг ротибасига (яъни суннат намозига) келсак, уни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам сафарда, ҳам муқим (уйда) пайтларида ўқир эдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафл намозлардан ҳеч бирига фажрнинг икки ракъат суннатидек қаттиқ эътибор бермас эдилар. У киши бу икки ракъатни ҳеч қачон тарк қилмас эдилар. Бу ҳақда Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобида Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилган (Фатҳ ал-Борий, 3/42). [23] [23] Имом Бухорий 1169 ва имом Муслим (94/724).
Саҳиҳ Муслимда Абу Қотада разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келишича: У киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан сафарда бўлганларини ва бомдод намозидан ухлаб қолиб қуёш чиқиб кетганини хабар бердилар. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўша ердан жилиб кетишга буюрганлар. Сўнгра бир жойга тўхтаб таҳорат олганлар, сўнгра Билол разияллоҳу анҳу азон айтганлар ва ҳар кунги каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки ракъат нафл ўқиб сўнгра бомдоднинг фарзини ўқиганлар». [24] [24] Имом Муслим 681.
Шу каби ҳадисни Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилган. [25] [25] Имом Муслим 680.
Биз мусофирнинг нафл намоз ўқиши ҳақида батафсил тўхталишимизга сабаб — баъзи одамлар мусофир киши умуман нафл ўқимайди деган фикрда бўлишларидир! Биз келтирган далил ва изоҳлардан маълум бўладики: далилга асосланиб айтилган тўғри фикр ҳам шуки — мусофир пешин, шом ва хуфтон намозларининг ротибаларини (суннатларини) ўқмайди. Аммо булардан ташқари барча нафл намозлар — ўз ҳукмида қолади, яъни, ўқилиши шариатан маъқул ҳисобланади. Аллоҳ ўзи тавфиқ берсин!
Мусофир киши сафар чоғида уловининг устида ўтириб хоҳлаган томонига қараб нафл намоз ўқиши жоиз. Гарчи у қибла томонга қарамаган бўлса ҳам. Саҳиҳ Бухорийда Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумо шундай деганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловлари устида ўтириб машриқ томонга қараб намоз ўқир эдилар ва фарз намозини ўқимоқчи бўлсалар тушиб қиблага юзланиб намоз ўқир эдилар». [26] [26] Имом Бухорий 1099.
Сафар билан боғлиқ ҳукмлардан яна бири шуки: мусофир киши билан бирга йўлдошлари бўлиши лозим. Бу — унга андиша ва яқинлик ҳисси бериши, шунингдек, эҳтиёжларини қондириш учун ҳам зарур. Шунинг учун бирор киши зарурат бўлгани ёки динга боғлиқ маслаҳат — масалан, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш каби — ҳоллардан бошқа пайтларда ёлғиз сафар қилмаслиги керак. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ» китобида Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилганларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Агар одамлар мен билганчалик ёлғизликдаги (хатарларни) билганларида эди, ҳеч бир киши тунги пайтда ёлғиз сафар қилмас эди». [27] [27] Имом Бухорий 2998.
У билан бирга исми ва манзилини тасдиқловчи ҳужжат бўлиши керак. Шунда агар у қандайдир ҳодиса ёки бахтсиз воқеа туфайли жабрланса, таниб бўлмай қолмасин.
Сафар билан боғлиқ ҳукмлардан яна бири шундаки: аёл кишига маҳрамисиз сафар қилиш жоиз эмас — сафар узоқ бўладими, яқинми, ҳаж учун бўладими ёки бошқа мақсадда, у ёш ва гўзалми, ёки қария ва жозибадор эмасми — фарқи йўқ. У билан қариндош аёллар ёки дугоналари бирга бўладими-йўқми, йўлда саломатлигига ишонч борми-йўқми, самолётдами ёки бошқа транспортдами — ҳеч бири фарқ қилмайди. Саҳиҳайнда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда шундай деди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб туриб шундай деганлар: «Эркак киши зинҳор аёл билан холи қолмасин. Магар маҳрам билан бўлса, майли, аёл киши зинҳор ёлғиз сафар қилмасин. Магар маҳрам билан бўлса, майли», дедилар. Шунда бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг расули, хотиним ҳажга чиқди. Мен эса фалон ғазотга қатнашмоқчиман?» деди. «Сен қайт! Хотининг билан бирга ҳаж қил!» дедилар». [28] Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл кишининг маҳрамсиз сафар қилишини ман этдилар ва буни маълум бир сафар билан чегаралаб қўймадилар, на маълум бир аёлгагина нисбат бердилар, на маълум бир ҳолатгагина хосладилар. Ҳатто ўша эркакдан хотинининг ҳолати ҳақида ҳам сўраб ўтирмадилар. [28] Имом Бухорий 3006 ва имом Муслим 1341.
Маҳрам — бу аёлнинг турмуш ўртоғи ёки у билан доимий никоҳ тутиш ҳаром бўлган ҳар қандай эркак: қариндошлик, эмизиш ёки қудалик сабабли маҳрам бўлган кишидир.
Қариндошлик ёки эмизишлик сабабли маҳрам бўладиган етти тоифа бор: 1. Ота ва ундан юқори (бобо ва ҳоказо) 2. Ўғил ва ундан паст (невара, эвара ва ҳоказо) 3. Оға ва унинг ўғли (жиян) ва уларнинг авлодлари, 4. Сингилнинг ўғли (яъни сингил жияни) ва унинг авлодлари, 5. Амаки ва ундан юқори (катта амаки, катта бобо ва ҳоказо) 6. Тоға ва ундан юқори (катта хола, бибижон ва ҳоказо).
Қудалик орқали маҳрам бўладиганлар тўртта: Қайнатаси ва боболари, эрининг ўғли ва унинг зурриёти, қизининг ва қиз невараларининг эри. Тўртинчиси: онасининг эри, фақат шарти (онасининг эри, яъни ўгай отаси) онаси билан яқинлик қилган бўлиши керак.
Маҳрам балоғатга етган, ақлли бўлиши лозим. Ёши кичик ва мажнун бўлса, у билан сафар қилиш жоиз эмас.
Шунинг учун аёл киши маҳрам топа олмаса ҳаж қилиши фарз эмас. Чунки унинг боришга қудрати етмайди.
Ҳаж қачон фарз қилинган?
Ҳаж уламолар сўзларининг тўғрироғига кўра, ҳижратнинг тўққизинчи ёки ўнинчи йилида фарз қилинган. Чунки у Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи орқали фарз қилинган: «Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир». [Оли Имрон: 97] Бу оят Оли Имрон сурасининг боши бўлиб ҳижратнинг тўққизинчи йили (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга турли томондан элчилар келиб иймон келтиргани учун) «Элчилар йили», деб аталган йили тушган.
Фарз бўлишининг кечиктирилишидаги ҳикмат —Аллоҳ билувчидир — шундаки, Макка (Аллоҳ уни янада улуғ қилсин) ўша йилгача Қурайш мушриклари назоратида эди. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари ҳаж ибодатини тўлиқ адо этишлари мумкин эмас эди. Ҳижратнинг олтинчи йилида бўлиб ўтган Ҳудайбия умраси бунга яққол далил. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобаларини умрани адо этишдан тўсиб қўйган эдилар.
Ҳаж — ҳар бир балоғатга етган, ақли соғлом ва молиявий ҳамда жисмоний жиҳатдан ҳаж қилишга қодир бўлган мусулмонга фарздир.
Балоғатга етмаган бола ҳаж қилиши фарз эмас, лекин адо этса жоиз. Унга нафл ҳажнинг савоби берилади. Кейин балоғатга етгач яна адо этиши фарздир. Чунки балоғатга етишидан олдин қилган ҳажи, хитоб қилинишидан олдинги ҳаж бўлиб, фарз намозни вақти кирмасдан ўқиган кишига ўхшайди.
Молиявий томонлама ожиз бўлган фақир ва қул киши ҳаж қилиши фарз эмас. Чунки Аллоҳ таоло: «Ким йўлга қодир бўлса», – деб марҳамат қилган. Бу инсон эса қодир эмас, шунинг учун унга фарз эмас.
Агар киши фақат жисмоний жиҳатдан ҳаж қилишга ожиз бўлса ва бу ожизлигидан тузалиши умид қилинмайдиган ҳолатда бўлса — масалан, кексалик ёки доимий касаллик каби — у ҳолда ўзининг ўрнига бошқани ҳажга юбориши керак бўлади. Агар тузалишининг имкони бўлса — масалан, вақтинчалик касаллик — у ҳолда тузалгунича кутади, сўнг ҳаж қилади. Агар тузалиб улгурмасдан вафот этса, у ҳолда унинг меросидан унинг ўрнига ҳаж қилинади.
Қачон мусулмонга ҳаж қилиш фарз бўлса, уни адо этишга шошилиши фарздир. Чунки Аллоҳ ва Расулининг буйруқлари агар белгиланган вақт билан чегараланмаган бўлса ва кечиктиришга рухсат борлигини кўрсатадиган далил бўлмаса, у ҳолда бу амрни дарҳол бажариш фарз бўлади. Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладиларки: «Фарз ҳажни адо этишга шошилинглар! Чунки ҳеч бирингиз нима монеълик юз беришини (яъни келажакда нима бўлишини) билмайди». [29] Бу ҳадисни имом Аҳмад ривоят қилган. Унинг санади заиф, лекин, ҳажни дарҳол адо этиш (фарз бўлганидан кейин кечиктирмаслик) ҳақидаги фикрни қўллаб-қувватловчи умумий бошқа далиллар бор. Улар бу ҳадиснинг маъносини тасдиқлайди. [29] Имом Аҳмад (1/314).
Ҳаж ёки умра қилмоқчи бўлган инсон қаердан эҳромга киради?
Ҳаж қилмоқчи бўлган инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган мийқотлардан эҳромга киради. Улар бешта:
Биринчи: Зул Ҳулайфа: Ҳозирда Абяр Али деб аталади. Бу Мадина аҳли ва шу томондан келганларнинг мийқотидир.
Иккинчи: Жуҳфа: у эски вайрон бўлган қишлоқ. Унинг ўрнига одамлар ҳозирда Робиғни мийқот тутганлар. Бу Шом аҳлининг ва шу томондан келганларнинг мийқоти. Лекин ундан аввал Зул Ҳулайфага кирмаган бошқалар учун ҳам шу ер мийқотдир.
Учинчи: Яламлам: у Туҳома деган ердаги бир тоғ ёки макон. У ер Саъдия ҳам деб аталади. Бу мийқот Яман аҳли ва шу томондан келганларнинг мийқоти.
Тўртинчи: Қорнул манаазил: у Сайл деб ҳам аталади. Нажд аҳли ва ўша томондан келганларнинг мийқоти.
Бешинчи: Зоту Ирқ: (у Аз-Зариба деб ҳам аталади) — Ироқ аҳли ва ундан ўтувчи бошқалар учун миқот жойидир.
Ким шу мийқотлардан ҳаж ёки умра қилишни хоҳлаб ўтса, эҳром билан ўтиши лозим.
Ҳаво ёки денгиз йўли орқали мийқот ёнидан ўтаётган ҳар қандай кишига, ўша мийқотдан ўтаётган пайтда эҳром кийиши вожиб бўлади. Эҳромни аэропортга қўнгунича ёки портга тушгунича кечиктириш мумкин эмас, чунки бу Аллоҳнинг чегараларини бузиш ҳисобланади. «Ва ким Аллоҳнинг чегараларида тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир» [Бақара: 229]
Кимки ушбу мийқотлардан кўра Маккага яқинроқда бўлса, (яъни Мийқот ҳудудининг ичида бўлса) у ҳолда ўша жойидан эҳромга киради. Ҳатто Макка аҳли ҳам Маккадан (яъни, ўз жойидан) эҳромга кирадилар. Аммо умра қилишни истаган маккаликлар эса эҳромга Ҳарам ҳудудидан ташқарига чиқиб эҳромга киради. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Абу Бакрга шундай деганлар: «Синглинг (яъни Оиша) билан Ҳарамдан чиқ ва ўша ердан эҳромга кирсин». [30] Имом Бухорий 1560 ва имом Муслим (123/1211).
Ким бу мийқотлардан ҳаж ёки умра қилиш учун эмас, балки, тижорат, бирор яқинини зиёрат, илм талабида ёки шу каби ниятда ўтса, эҳром кийиши шарт эмас. Чунки ҳаж ва умрани инсон умри давомида бир маротаба қилишигина вожиб. Эҳром эса фақат ҳаж ва умрага боғланади.
Ҳажнинг турлари ва энг афзали
Ҳажнинг уч хил тури бор: Таматтуъ, Қирон ва Ифрод.
Таматтуъ: Ҳаж ойларида, яъни, шаввал ойи киргач умрага эҳром боғлаб уни бажариб бўлгач ўша йилнинг ўзида яна ҳажга эҳром боғлашдир.
Қирон: ҳаж билан умрани бирга бажариш. Иккаласига ҳам эхром боғлаш ёки биринчи умрага эҳром боғлаб тавофни бошлашидан олдин ҳажни умрага қўшиб ният қилиш.
Ифрод: Фақатгина ҳажга эҳром боғлаш.
Жумҳур уламолар инсон бу ҳаж турларидан хоҳлаганини қилиши жоиз деганлар. Лекин улар орасида қайси бири афзал экани ҳақида ихтилоф бор. Энг афзал ҳаж — таматтуъ ҳажи деган фикр тўғрироқдир. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини шу ҳажга буюрганлар ва тарғиб қилганлар. Шунингдек, таматтуъ ҳажида амаллар кўпроқ бўлади — у кишининг умра амалларини ва ҳаж амалларини ҳам тўлиқ бажаришини талаб қилади. Яна шуниси борки, Маккага эртароқ келган киши учун бу ҳаж тури осонроқ бўлади, чунки умрадан кейин ҳажгача ҳалол ҳолатда юра олади.
Ҳажнинг таматтуъ турини бажарган киши камчиликка йўл қўйгани учун эмас, балки, шукрона сифатида жонлиқ сўймоғи вожиб. Бу жонлиқ қурбонликка ярайдиган қўй, мол ёки туянинг еттидан бири бўлмоғи жоиз. Жонлиқни ҳайит куни ёки унда кейинги уч кун ичида сўяди ва Мино ёки Маккада тарқатиб юборади, ундан таомланади. Агар сўйиш учун ҳеч нарса топа олмаса ташриқ кунларидан ўткизиб юбормасдан уч кун, қайтганидан сўнг эса етти кун рўза тутиб беради.
Қирон ҳаж қилувчи ҳам, таматтуъ қилувчи каби, қурбонлик (ҳадий) ёки унинг ўрнидаги ибодатни адо этиши вожибдир.
Умрага эҳром боғлагандан бошлаб ҳажни бажариб битгинча таматтуъ ҳажи қандай қилиниши ҳақида
Умра
1. Умрага эҳром боғламоқчи бўлган киши жунуб бўлган киши ғусл олгани каби ғусл олади. Эркак киши ўзидаги энг яхши мушки анбарлари билан хушбўйланади ва оқ изор ва ридо кияди. Аёл киши эса эхромда истаган либосини кийиши мумкин, лекин зийнатини намойиш этиб безанмаслиги керак.
2. Сўнгра фарз намоз вақти кирган бўлса, ундан кейин эҳромга кириш учун фарз намозни ўқийди. Агар фарз вақти кирмаган бўлса таҳорат суннатига ният қилиб икки ракат нафл ўқийди. Эҳромга кириш намози деб ният қилмайди, чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эҳромга киришнинг намози ҳақида ҳеч нарса ворид бўлмаган.
3. Сўнгра намозни тугатгач умрага ният қилади ва шундай дейди: «Лаббайка Аллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, инналҳамда ван-ниъмата лака вальмулк, лаа шарийка лак, лаббайка Аллоҳумма умратан». Эркак киши овозини баланд қилиб айтади, аёл киши эса паст овозда айтади.
Тавофни бошлагунча талбияни кўп айтиш суннат. Тавофни бошлагач талбияни тўхтатади.
4. Маккага етиб бориши билан тавофни бошлайди. Ҳажарул асвад томон йўл олади, агар тиқилишмасдан иложи бўлса ўнг қўли билан силайди ва ўпади. Агар иложи бўлмаса, қўли билан ишора қилади ва такбир айтади.
Сўнгра каабани чап томонига қилиб тавофни бошлайди. Рукнул ямонийга, яъни, ҳажарул асвад тошидан кейинги охирги рукнга етганда, иложи бўлса, ўпмасдан ўнг қўли билан силайди.
Етти марта тавоф қилади. Эркак киши биринчи уч тавофда тез юриш «рамл» билан юради ва бутун тавоф давомида «идтибоъ» қилади.
Рамл — қадамларни яқин қилиб, тез юриш.
Идтибоъ — ридонинг (юқори кийим) ўртасини ўнг қўлтиғи остига ўтказиб, икки учини чап елка устига ташлаб юриш ҳолати.
Тавофида Аллоҳни зикр қилади, тасбиҳ айтади ва хушуъ-хузуъ билан Аллоҳдан хоҳлаган нарсасини сўраб дуо қилади. Ҳар сафар ҳажарул асвад ёнига келганда такбир айтади. Рукнул ямоний ва ҳажарул асвад орасида: «Роббана аатина фиддунйа ҳасанаҳ ва фил аахирати ҳасанаҳ, ва қинаа ъазаба-н-наар», деб дуо қилади. [Бақара: 201] Ҳар бир тавофда маълум бир дуоларни айтиш суннатда йўқ, аксинча, у бидъатдир!
5. Тавофни тамомлагач Мақоми Иброҳим ортида ёки ундан узоқроқда икки ракат намоз ўқийди. Фотиҳани ўқигач биринчи ракатда: «Қўл яаа аййўҳал-каафируун» сурасини [Кофирун: 1] Иккинчи ракатда: «Қўл ҳуволлоҳу аҳад» сурасини ўқийди. [Ихлос: 1]
6. Сўнгра Сафо ва Марва орасида етти марта югуради. Сафодан бошлаб Марвада тугатади.
Улар устига чиқиб, Кааба томон юзланиб, икки қўлини кўтариб Аллоҳни зикр қилиб дуо қилиши суннат.
Эркак киши икки яшил аломатлар орасида югуриши суннат.
7. Саъйни тугатгач сочининг барчасини қисқартиради. Аёл киши бир унмула (яъни бармоғининг бир бўғимичалик) қисқартиради.
Шу билан умрасини тамомлади ва эҳромидан чиқди. Эҳромга киришдан олдин Аллоҳ ҳалол қилган барча нарсалардан — кийим-кечак, атир, никоҳ ва бошқа шу каби нарсалардан бемалол фойдаланади.
Ҳаж
Зул ҳижжа ойининг саккизинчи куни бўлмиш Тарвия куни келганда, Маккага боргач яшаётган еридан эҳром боғлайди. Ҳажга эҳром боғлаётганда умрага боғлаётгандаги каби ғусл, мушк, эҳром кийимларини кийиш билан эҳромга киради.
2. Шу ишларни битгач ҳажга ният қилади ва: «Лаббайка Аллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, инналҳамда ван-ниъмата лака валмулк, лаа шарийка лак, Лаббайкаллоҳумма ҳажжан», дейди. Эркак киши баланд овозда, аёл киши эса паст овозда айтади.
Ҳайит куни Жамротул ақобада тош отгунга қадар талбияни кўпайтириш суннатдир.
3. Сўнгра Минога чиқади. У ерда пешин, аср, шом, хуфтон ва бомдод намозларини ўқийди. Тўрт ракатлик намозларни икки ракатдан қилиб ўқийди, лекин жамламайди.
4. Тўққизинчи куни қуёш чиққач Арафа тоғига йўл олади. Агар иложи бўлса, қуёш оғишни бошлагунча Намира деган жойга бориб жойлашади. Агар иложи бўлмаса, Арафанинг бошқа жойига жойлашади. Пешин вақти кирганда пешин билан асрни қаср қилиб, жамлаб ўқийди. Сўнгра тоғ орқасида қолган бўлса ҳам қуёш ботгунча қибла томонга юзланиб зикр ва дуо билан машғул бўлади.
5. Қуёш ботгач Муздалифа томонга йўл олади. У ерда шомни уч ракъат ва хуфтонни икки ракъат ўқийди ҳамда ўша ерда тунайди. Бомдодни ўқигач кун ёришгунча дуо ва зикр билан машғул бўлади.
6. Кун ёришгач Минога йўл олади. У ерга етгач Жамротул ақобада тош отишни бошлайди. У Маккага энг яқин жамаротлардан. Еттита кетма кет кичик ҳажмдаги тошларни ирғитади. Ҳар бир тош нухаттан сал каттароқ бўлиши керак. Ҳар бир тошни хушуъ билан такбир айтиб отади.
Тош отиб битгач, иложи бўлса, сўйлиқ сўяди сўнгра сочини қиради ёки қисқартиради. Эркак киши учун қириш афзалроқ. Аёл киши эса бир бўғимчалик сочини қисқартиради.
Тош отиш ҳамда сочни қисқартириш ёки қириш билан эҳромнинг бир қисмидан чиқади. Оддий кийимини кияди, хушбўйланади ва эҳром сабабли ҳаром бўлган барча нарса унга қайтадан ҳалол бўлади. Фақат аёллар ва уларга тегишли бўлган нарсаларгина иккинчи эҳромдан чиқиш қисми бўлмагунча ҳалол бўлмайди.
Сўнгра Маккага тушади. У ерда Умрадаги каби ҳаж тавофини бажариб Сафо ва Марва орасида саъй қилади, лекин тавофнинг биринчи учтасида рамл ҳолатида (қадамларни яқин қилиб, тез) юрмайди ва идтибоъ ҳам қилиб олмайди. Улар фақатгина биринчи тавофда қилинади.
Жамра ташлаш ва сочни олиш (ёки қисқартириш)дан кейин бажарилган тавоф ва саъй орқали иккинчи таҳаллул амалга ошади. Бу билан эҳромдан аввал Аллоҳ ҳалол қилган ҳар бир нарса (хатто аёллар билан яқинлик ҳам) унга қайта ҳалол бўлади.
Ҳайит куни қилинадиган ҳаж амаллари қуйилагилар:
Жамротул ақабада тош отиш.
Қурбонлик сўйиш.
Сочни қириш ёки қисқартириш.
Тавоф ва саъй
Шу тарзда тартиблаш суннат, агар иложи бўлмаса, ўринларини алмаштириши жоиз.
7. Ўн биринчи ва ўн иккинчи кеча Минода тунайди.
8. Бу икки кунда (яъни, ташриқ кунларида) киши учта жамаротни пешиндан кейин отади. Аввало Маккадан энг узоқ жойда жойлашган биринчи жамрадан бошлайди. Унга етти дона тошчани кетма-кет отади ва ҳар бир тош билан бирга такбир айтади. Биринчи жамрани тугатгандан сўнг, одамлар тиқилинч бўлиб турган жойдан бир оз четга чиқиб, қиблага юзланиб, қўлларини кўтарган ҳолда узоқ дуо қилади. Кейин иккинчи жамрага ўтади, уни ҳам худди биринчи жамра каби отади ва ундан кейин ҳам шу тарзда дуо қилади. Шундан сўнг, учинчи жамрани — яъни Қурбон ҳайити кунида отилган Жамратул Ақабани — аввалги икки жамра каби отади. Аммо ундан кейин дуо қилиш учун тўхтамайди.
9. Агар киши 12-кун (иккинчи ташриқ куни) учала жамрага тош отишни тугатса, хоҳласа, 13-кун (учинчи ташриқ куни)гача Минода қолиб, у куни ҳам пешиндан кейин жамраларга тош отиши мумкин ва шундай қилиши афзалроқдир. Чунки бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган ишларидан ва бу орқали яна бир неча савобли амалларни бажаришга имкон бўлади. Агар хоҳласа, икки кунда тош отишни тугатиб, 12-кун қуёш ботишидан олдин Минодан чиқиб кетса ҳам бўлади.
Ўша кунларда такбир ва зикрни кўпайтириш лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳни саноқли кунларда эсланг». [Бақара: 203] Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ташриқ кунлар еб ичиш ва Аллоҳни зикр қилиш кунлари», – деганлар. [31] Имом Муслим 1141.
Шу билан ҳаж амаллари тамомига етди.
Видолашув тавофи
Агар ҳожи киши ҳажнинг барча амалларини тугатиб, ўз юртига қайтмоқчи бўлса, у Маккани тарк этишидан олдин «Видолашув тавофи»ни бажаради. Бу тавоф унинг Маккадан чиқишидан олдинги сўнгги амали бўлиши керак.
Ҳайз ва нифос кўрган аёллар видолашув тавофини бажаришлари шарт эмас. Чунки Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: «Одамларга Каъба билан охирги аҳдлари — Видолашув тавофи — бўлиши буюрилган, магарам ҳайз кўраётган аёлларга бу борада енгиллик берилган», – деганлар. [32] Имом Бухорий 1755 ва имом Муслим 380/1328.
Эҳромда таъқиқланган ишлар
Эҳромда таъқиқланган ишлар - эҳром сабабли қилиш ҳаром бўлган ишлардир.
Улар ҳақида қисқача баён қилсак. Улар қуйидагилар:
1. Бошдаги сочни олиб ташлаш — бу қирқиш ёки бошқа усуллар билан бўлиши мумкин. Одатда уламоларнинг кўпчилиги шу ҳукмни тананинг бошқа жойларидаги тукларга ҳам татбиқ этишади.
2. Қўл ёки оёқ тирноқларини олиш — уламоларнинг кўпчилиги бу амални ҳам соч олиш ҳукмига қиёс қилиб, шу ҳукмга киритган. Бунинг сабаби — ҳар иккисида ҳам поклик ва озода бўлиш мақсади (яъни роҳат ва тароват) бор.
3. Эҳром кийгач баданга, кийимга, егуликка ёки ичимликка хушбўй нарса қўшиш.
4. Қўлқоп кийиш.
5. Шаҳвоний амалларни қилиш. (Яъни жинсий алоқадан ташқари эр-хотин ўртасидаги лаззатланиш — масалан, сийпанлаш ва бағрига босиш каби яқинликлар.)
Ушбу беш хил эҳромда таъқиқланган амал учун каффорат (жазо)ни танлаш имкони бор. Аллоҳ Таоло Қуръонда сочни қирган кишига ушбу танловларни зикр қилган ва қолган ҳолатлар шунга қиёс қилинган. Қуйидаги каффоратларнинг бирини танлаши мумкин: 1. Уч кун рўза тутиш. 2. Олти нафар камбағалга ярим соъ миқдорида озуқа бериш, 3. Бир қўй сўйиш. Бу таом ёки қурбонлик Маккадаги ёки таъқиқланган нарса рўй берган жойдаги муҳтожларга тарқатилади.
6. Жинсий алоқа (яъни, жуфтлик алоқаси) агар ҳажда биринчи ҳалолланишдан олдин содир бўлса, унга тўртта нарса лозим бўлади:
Жинсий алоқа рўй берган ҳаж бузилади.
Ҳажни тугатиб бериш вожиб бўлади.
Келаси йили ҳажни ўтаб бериши керак бўлади.
Қурбонлик сўйиб Маккадаги ёки жинсий алоқа юз берган ердаги мискинларга тарқатиб беради.
7. Никоҳланиш — бу ҳолатда каффорат (жазо) йўқ, лекин никоҳнинг ўзи бузилади. Бу қоида эҳромда бўлган киши эр бўладими, хотинми, валийми ёки вакилими — барчасига тааллуқли.
8. Саҳродаги ёввойи ҳайвонни ўлдириш (яъни, эҳромдаги кишининг ов қилиши) ман этилган амаллардандир. Агар бундай қилса, у учун жазо (каффорат) лозим бўлади. Жазо қуйидагича амалга оширилади: — Ўлдирилган ҳайвонга ўхшаш ҳайвонни сўйиш ва уни Ҳарам (Макка)даги фақирларга тарқатиш, — Ёки ўша ҳайвоннинг баҳосини озуқа шаклида ҳисоблаб, шу таомни Ҳарам фақирларига тарқатиш, — Ёки ҳар бир муҳтож учун бир кундан рўза тутиш. Яъни, қанча муҳтожга озуқа бериш лозим бўлса, шунча кун рўза тутади.
Бу саккизта таъқиқланган ишлар барча эҳромдаги инсонларга тегишли, у эркак бўладими аёлми фарқи йўқ. Қуйидаги икки таъқиқ эса эркак кишига тегишли:
1. Бошни тўғридан-тўғри ёпишадиган нарса билан ёпиш ман этилган. Аммо тегмайдиган нарсалар — масалан, чодир, машинанинг шифти ёки қуёшдан соя қилиб турадиган соябон кабилар — жоиз ва унда ҳеч қандай монеълик йўқ.
2. Тикилган кийим кийиш — яъни, бутун баданга ёки баданнинг бир қисмига мослаб тикилган кийимлар, масалан, кўйлак, шим ва мослаб тикилган оёқ кийим эҳромдаги киши учун ман этилган. Аммо йиртилган жойлари тикилган изор ёки ридо (елкага ташланадиган мато) кийишда ҳеч қандай монеълик йўқ. Шунингдек, узук, соат, кўзойнак, эшитиш қурилмаси, пул қўйиладиган бел боғлам (сумка) ва шунга ўхшаш нарсаларни тақишга ҳам рухсат берилган.
Қуйидаги таъқиқлар эса аёлларга тегишли:
Юзни қандай шаклда бўлмасин ёпиш эҳромдаги аёл учун ман этилган. Аммо баъзи уламоларнинг таъкидлашича, унга фақат ниқоб — яъни, кўзлар учун тешик қилинган юз ниқобини тақиш ман этилган. Энг тўғри йўл — аёл эҳромда юрган пайтда юзини умуман ёпмаслиги. Аммо уни номаҳрам эркаклар кўриши эҳтимоли бўлса, у ҳолда юзини тўсиши фарздир, нафaқат эҳромда, балки бошқа пайтларда ҳам.
Ушбу махсус ман этилган амаллар (масалан, юзни ёпиш, тикилган кийим кийиш ва бошқа шу кабилар) учун каффорат ҳам аввалги бешта ман этилган амалдаги каби танлаш йўли билан адо этилади.
Бу таъқиқларни бажарган инсоннинг ҳукми
Юқоридаги таъқиқларни бажарувчиларнинг уч ҳолати бор:
Биринчи: Таъқиқланган ишларни узрсиз, эҳтиёж бўлмаса ҳам бажарган киши гуноҳкор бўлади, каффоратини ўташи лозим!
Иккинчи: Эҳтиёж тўғилгани учун бажариши, бу гуноҳкор эмас. Лекин каффоратини ўташи лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Сиздан ким бемор бўлса ёки бошида озор берувчи нарса бўлса, рўза тутиш ёки садақа бериш ёхуд қурбонлик сўйиш ила тўлов тўласин». [Бақара: 196] Қўрқинчли қаттиқ совуқ ёки иссиқ сабабли бошини ёпишга тўғри келса, бошини ёпиши жоиз, лекин ихтиёрий тарзда каффоратни ўташи лозим.
Учинчи: Билмасдан, унутиб, мажбурланиб ёки ухлаб қолганида бажарса узрли ҳисобланади ва унга гуноҳ ҳам, каффорат ҳам йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «Ё Раббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин». [Бақара: 286] Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Аллоҳ таоло умматимнинг хатосидан, унутган нарсасидан ва мажбурланган ишидан кечди». [33] Имом Ибн Можа 2043-2045.
Бироқ узр бартараф бўлгандан кейин, яъни у ман қилинган нарсани билганида, эслаганида ёки унга бўлган мажбурийлик тугаганида ёки уйқудан уйғонганида, дарҳол ўша ман қилинган нарсани тарк этиши лозим бўлади.
Масжиди Набавийнинг зиёрати
Масжид ан-Набавий — сафар қилиб бориш рухсат берилган учта масжиддан биридир. Улар қуйидагилар: Маккадаги Масжид ал-Ҳаром, Мадинадаги Масжид ан-Набавий ва Қуддусдаги Масжид ал-Ақсо. Масжид ан-Набавийда ўқилган намоз бошқа жойларда ўқилган мингта намоздан афзалроқ, фақатгина Масжид ал-Ҳаром бундан мустасно. Шу сабабли, ушбу масжидга намоз ўқиш учун ҳар қандай вақтда ташриф буюриш шариатан жоиз ҳисобланади. Бу фақат ҳаж пайтига хос эмас ва у ҳаж билан боғлиқ ҳам эмас. Ҳаж амали Масжид ан Набавийни зиёрат қилмасдан ҳам тўлиқ бўлади ва уни тарк этиш билан ҳаж нуқсонли бўлмайди. Аммо одамлар уни ҳаж билан боғлаб қўйишган, шунда иккисига биргаликда сафар қилиш имкони бўлади, айниқса, ҳар бирига алоҳида сафар қилиш қийин бўлган, узоқ жойларда яшовчилар учун.
Агар у (зиёратчи) масжидга кирса, Аллоҳ хоҳлаганича намоз ўқийди. Кейин Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрлари ҳузурига боради, қабр олдида туриб, шундай дейди: Ас-салааму ъалайка — айюҳан-набийю — ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳ. Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад, камаа соллайта ъалаа Иброҳима ва ъала аали Иброҳим, иннака Ҳамидун Мажид. Ва баарик ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад, кама баарокта ъалаа Иброҳима ва ъала аали Иброҳим, иннака Ҳамидун Мажид. Маъноси: «Сизга салом бўлсин — эй Набий — ва Аллоҳнинг раҳмати ҳамда баракоти бўлсин. Ё Аллоҳ, Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига салавот айтгин, Иброҳим ва Иброҳимнинг оиласига салавот айтганинг каби; албатта Сен ҳамдга лойиқ, улуғ зотсан. Муҳаммад ва Муҳаммаднинг оиласига барака ато эт, Иброҳим ва Иброҳимнинг оиласига барака берганинг каби; албатта Сен ҳамдга лойиқ, улуғ зотсан».
Сўнг ундан ўнг томонга бир оз қадам ташлаб, Абу Бакр разияллоҳу анҳуга салом беради ва шундай дейди: «Ас-салааму ъалайка яаа Абаа Бакр, яаа холифата Расулиллааҳ соллаллоҳу ъалайҳи васаллам, розияллоҳу ъанка, ва жазакаллоҳу ъан уммати Муҳаммадин хойрон». Маъноси: «Сизга салом бўлсин, эй Абу Бакр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифаси! Аллоҳ сиздан рози бўлсин ва сизни Муҳаммад уммати учун қилган ишларингиз учун Аллоҳ яхшилик билан мукофотласин».
Сўнг у яна бир оз ўнг томонга қадам ташлаб, Умар розияллоҳу анҳуга салом беради ва шундай дейди: «Сизга салом бўлсин, эй мўминлар амири Умар! Аллоҳ сиздан рози бўлсин ва сизни Муҳаммад уммати учун яхшилик билан мукофотласин».
Сўнгра Масжиди Қубога таҳорат билан чиқади ва унда намоз ўқийди.
Сўнг у Бақиъ қабристонини зиёрат қилади. У Мадинадаги қабристон бўлиб, у ерда Усмон розияллоҳу анҳунинг қабри олдида тўхтаб, шундай дейди: «Сизга салом бўлсин, эй мўминлар амири Усмон! Аллоҳ сиздан рози бўлсин ва сизни Муҳаммад уммати учун яхшилик билан мукофотласин». Сўнг Бақиъ аҳлига ҳам салом беради ва улар учун мағфират ва раҳмат сўраб дуо қилади.
Сўнг у Уҳуд тоғига чиқади ва у ерда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари — шаҳид Ҳамза разияллоҳу анҳунинг қабрини ҳамда у ерда дафн этилган бошқа шаҳидларни зиёрат қилади. Аллоҳдан улар учун розилик сўрайди ва улар учун мағфират ҳамда раҳмат тилаб дуо қилади.
Аёл киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам бошқаларнинг ҳам қабрини зиёрат қилмайди.
Мадинада зикр қилган жойларимиздан ўзга қасдан бориладиган жой йўқ.
Аллоҳ тавфиқ берсин. Набийимиз Муҳаммадга, оилаларига ва барча асҳобларига салавоту саломлар бўлсин.
Аллоҳга муҳтож
Муҳаммад Солиҳ Усаймин ёздилар.
Related books
All books
Умранинг сифати ва аҳкомлари ҳақида мухтасар рисола65 tilУмранинг сифати ва аҳкомлари ҳақида мухтасар рисола
Оламлар Рабби Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! Набийимиз Муҳаммадга, аҳли оилалари ва асҳобларига салавоту саломлар бўлсин! Аммо баъд: Бу рисола - умранинг сифати, аҳкомлари ва одоблари ҳақида мухтасар қўлланма бўлиб, унда умра қилмоқчи бўлган киши кўпроқ муҳтож бўладиган маълумотларни баёнлашга ҳаракат қилдик. Аллоҳ таолодан бу ишимизни холис Ўзининг юзи учун қилишини ва барча мусулмонларга бу китоб орқали манфаат беришини сўраймиз.
Умранинг сифати28 tilУмранинг сифати
Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг «Умранинг сифати» номли рисоласи умра ибодатини тушунарли ва содда услубда баён қилади. Бу китоб мусулмонга умрани хотиржамлик ва осонлик билан адо этишида амалий қўлланма бўлиб хизмат қилади. Унда умранинг ҳар бир босқичига оид машҳур дуо ва зикрлар ҳам келтирилган.
Таҳорат олиш шакли (Амалий ва мухтасар изоҳ)79 tilТаҳорат олиш шакли (Амалий ва мухтасар изоҳ)
Таҳорат олиш шакли (соддалаштирилган видео-лавҳа) Таҳорат олишни босқичма-босқич кўрсатувчи амалий қўлланма. Бу жуда муҳим, зеро таҳорат намознинг тўғри бўлишининг шартидир. Видеолавҳани томоша қилиб, таҳорат олишнинг тўғри шаклини ўрганинг. Таҳоратнинг сифати
صفة الوضوء والصلاة (مرئي)