كيفية صلاة النبي - صلى الله عليه وسلم -
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг кўриниши
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг кўриниши
Шайх ҳазратлари
Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Яккаю-ягона Аллоҳга ҳамду санолар, Унинг бандаси ва расули Пайғамбаримиз Муҳаммадга, У кишининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин! Аммо баъд:
Ушбу рисола Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намози қандай бўлганлигининг қисқача баёнидир. Ҳар бир киши у билан танишиб, эргашишга ҳаракат қилсин дея барча мусулмон ва муслималарга уни тақдим қилишни хоҳладим. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менинг намоз ўқиётганимни кўрганларингдек намоз ўқинглар!», деганлар. [1] Ҳурматли китобхонга бунинг баёни: Бухорий ривояти 605.
1. Мукаммал таҳорат қилмоқ. Намозхон Аллоҳ таолонинг: «Эй мўминлар, намоз ўқимоқчи бўлганингизда юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқлари билан ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз ва оёқларингизни тўпиқлари билан ювингиз!» [Моида сураси: 6] .
деган сўзига ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Таҳоратсиз намоз қабул қилинмайди», деган сўзларига [2] [2] Муслим ривояти 224.
ҳамда намозини ёмон ўқиган кишига: «Агар намозга турсанг, таҳоратни мукаммал қилиб ол»,[3] деган сўзларига биноан тўлиқ таҳорат олади. [3] Имом Бухорий 5782-рақам.
2. Бутун вужуди билан қибла, яъни, Каъба томонга юзланиб, ўқимоқчи бўлган фарз ёки нафл намозини қалбидан ният қилади. Ниятни тили билан талаффуз қилмайди, чунки ниятни тил билан нутқ қилиш жоиз эмас. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саҳобалари (разияллоҳу анҳум) ҳам бундай қилмаганлар. Намозхон имом бўлиб ёки бир ўзи ўқимоқчи бўлса, олди томонига сутра қўйиб олади ва унга қараб намоз ўқийди. Қиблага юзланмоқ намознинг шартларидан биридир. Аҳли илмларнинг китобларида (яъни фиқҳ китобларида) баён қилинган муайян истисно ҳолатларидагина қибла шарт даражасидан тушади.
3. Такбири таҳримада (намозни бошловчи такбирда) нигоҳни сажда ўрнига қаратган ҳолатда «Аллоҳу акбар», дейди.
4. Такбир айтар экан қўлларини елка баробарида ёки қулоқларининг рўпарасигача кўтаради.
5. Қўлларини кўкрак устига қўяди. Бунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлганига биноан, ўнг қўлини чап кафтининг ёки билак узук соҳасининг ёки билагининг устига қўйиб туради.
6. Истифтоҳ дуосини (яъни намозни очувчи дуони) ўқиши суннатдир: «Аллоҳумма баъид байний ва байна хатойайаа, кама баъадта байнал-машриқи вал-мағриб. Аллоҳумма наққини минал-хатоя камаа юнаққос-савбул-абйаду минад-данас. Аллоҳуммағсил хатойайаа бил-мааи вас-салжи вал-барод». [4] Маъноси: «Аллоҳим, мен билан хатоларим ўртасини машриқ билан мағрибнинг ўртасини йироқ қилганингдек узоқ қилгин! Аллоҳим, мени хатоларимдан худди оппоқ либос кирлардан поклангандек пок қилгин. Аллоҳим, мени хатоларимдан қор, сув ва дўл билан ювгин-поклагин». [4] Имом Бухорий 744 ва имом Муслим 598.
Истаса бунинг ўрнига қуйидаги дуони ўқийди: «Субҳаанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табаарокасмук ва таъалаа жаддук ва лаа илааҳа ғойрук». [5] Маъноси: «Аллоҳим, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Сенинг ҳамдинг билан тасбеҳ айтдим. Сенинг исминг баракотли, улуғлигинг олий ва Сендан ўзга барҳақ илоҳ йўқдир». Булардан ташқари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган бошқа истифтоҳ дуоларини ўқиса ҳам бўлаверади. Баъзан буни, баъзан уни ўқиши афзал. Зеро бу комил эргашишликдир. Сўнгра «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» , дейди ва Фотиҳа сурасини ўқийди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Фотиҳатул китобни (яъни Фотиҳа сурасини) ўқимаган кишининг намози намоз эмас», деганлар. [6] Фотиҳа сурасининг охирида жаҳрий намоз бўлса жаҳрий, махфий намоз бўлса ичида «Омийн», дейди. Сўнгра Қуръондан билганини ўқийди. Қироатда афзал бўлгани, бу борада ворид бўлган ҳадисларга биноан, пешин, аср ва хуфтон намозларида ўрта ҳажмдаги муфассал суралардан, бомдодда узун муфассал суралардан, шомда баъзан узун, баъзан қисқа муфассал суралардан ўқийди. [5] Имом Муслим 399. [6] Имом Бухорий 756.
7. Такбир айтиб, қўлларини елка ёки қулоқ баробарида кўтариб рукуъга боради. Рукуъда қўлларини тиззаларига бармоқ ораларини очган ҳолда қўяди ва бошини бели билан бир хил текисликда тутади. Рукуъда хотиржам туриб, «Субҳана роббиял ъазийм» , дейди. Бу зикрни уч марта ёки кўпроқ айтиш афзалдир. Бу билан бирга қуйидаги дуони айтиш мустаҳаб: «Субҳаанакаллоҳумма ва бихамдика, Аллоҳуммагъфир лии». [7] Маъноси: «Аллоҳим, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Сенинг ҳамдинг ила тасбеҳ айтдим. Аллоҳим, мени мағфират қилгин». [7] Имом Бухорий 817 ва имом Муслим 484.
Рукуъдан «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» , деб қўлларини елка ёки қулоқ баробарида кўтариб, бошини кўтаради. Мазкур зикрни имомлик қилганда ёки якка ўзи ўқиганда айтади. Рукуъдан тургандан кейин ушбу дуони айтади: «Роббана ва лакал-хамд, ҳамдан касийрон тоййибан мубаарокан фийҳи, милаъс-самааваати ва милаъл-арди, ва милъа маа шиъта мин шайъин баъд». [8] Маъноси: «Раббимиз, Сенга кўп, ҳақиқий-риёсиз, муборак-хайрлилиги мўл ҳамд бўлсин. Осмонлару Ер ва улар ўртасидаги нарсалар миқдорича, яна Ўзинг хоҳлаган нарса миқдорича ҳамд бўлсин!». [8] Имом Бухорий 711 ва имом Муслим 598.
Муқтадий (имомга иқтидо қилувчи)лар рукуъдан турганда фақат юқорида зикри ўтган «Роббана ва лакал ҳамд» деб бошланган дуони охиригача ўқийди. Яъни «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтмайди. Агар имом, муқтадий ва бир ўзи ўқиётган кишининг ҳар бири қуйидаги дуони ҳам айтсалар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлгани учун янада яхши бўлади: «Аҳлас-санаи вал-мажд, аҳаққу маа қолал-ъабд, ва куллуна лака ъабд. Аллоҳумма, ла мааниъа лима аътайта ва ла муътийа лима манаъта ва ла янфаъу зал-жадди минкал-жадд». [9] Маъноси: «Мақтов ва улуғлик соҳибисан. Қулинг айтган нарсага энг ҳақли Зотсан. Барчамиз Сенга қулмиз. Аллоҳим, Сен берган нарсани тўсувчи, Сен тўсган нарсани берувчи йўқдир. Сенинг олдингда улуғлик эгасига улуғлиги фойда бера олмас». . [9] Имом Муслим 477.
Воил ибн Ҳужр ва Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиснинг далолатига кўра, намозхон рукуъдан турганида худди рукуъдан олдин қўлларини кўкрак устига қўйиб турганидек, кўкрак устига қўйиб туриши мустаҳаб.
9. Такбир айтиб саждага боради. Бунда имкони бўлса, қўлларидан олдин тиззаларини ерга қўяди. Агар бу машаққат туғдирса, биринчи қўлларини ерга қўяди. Саждада қўл ва оёқ бармоқлари қиблага қараган, қўл бармоқлари бирлаштирилган ва ёзилган ҳолатда бўлади. Етти аъзо: пешона билан бурун, икки қўл кафти, икки тизза ва икки оёқ бармоқларининг ички юзаси билан сажда қилиб «Субҳана роббиял аълаа», дейди. Бу зикрни уч марта ва ундан ҳам кўпроқ айтиши суннатдир. Бу зикр билан бирга қуйидаги дуони айтиши мустаҳаб саналади: «Субҳаанакал-лоҳумма Роббанаа ва бихамдика, аллоҳуммагфир лии». Маъноси: «Аллоҳим, Сен айбу нуқсонлардан поксан. Раббимиз, Сенинг ҳамдинг ила тасбеҳ айтдим. Аллоҳим, мени мағфират қилгин». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига кўра, саждада кўп дуо қилинади: «Рукуъда Аллоҳни улуғланглар, саждада эса кўпроқ дуо қилишга ҳаракат қилинглар, зеро, сажда ҳолати сиз учун ижобат қилинишга энг муносиб ўриндир!». [10] [10] Имом Муслим 479.
Хоҳ фарз, хоҳ нафл намози бўлсин, саждада Аллоҳдан дунё ва охират яхшиликларини сўрайверади. Саждада турганда тирсакларини ёнларидан, қорнини сонларидан, сонларини болдирларидан узоқлаштиради ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига биноан тирсакларини ердан кўтаради: «Саждада мўътадил туринглар. Сизлардан бирингиз билакларини итнинг чўзиб ўтиришидек (ерга) тўшаб олмасин!». [11] [11] Имом Бухорий 788 ва имом Муслим 493.
10. Саждадан такбир айтиб бошини кўтаради ва чап оёғини тўшаб, устига ўтиради, ўнг оёғини эса тик қилиб, қўлларини сонлари ва тиззалари устига қўйиб хотиржам ўтиради ва қуйидаги дуони айтади: «Роббиғфир лий, варҳамний, важбурний, ваҳдиний, варзуқний, ва ъаафиний». [12] Маъноси: «Аллоҳим, мени мағфират эт, менга раҳм қил, мени ҳидоят қил, менга ризқ бер, мени ўнгла ва офият (соғлик) ато эт!». . [12] Тирмизий 284, Абу Довуд 850 ва Ибн Можа 898.
11. Такбир айтиб иккинчи саждага боради ва биринчи саждада қилган амалларини такрорлайди.
12. Яна такбир айтиб саждадан бошини кўтаради ва икки сажда орасида ўтиргани каби бироз ўтиради. Бу «жалсатул истироҳа» деб аталади ва бу мустаҳаб амалдир. Буни қилмаса ҳам зарари йўқ. Бу ўтиришда зикр ҳам, дуо ҳам йўқдир. Сўнгра ўзига қулай бўлса, тиззаларига таяниб, агар ноқулай бўлса, ерга таяниб иккинчи ракаатга туради. Сўнгра Фотиҳа сурасини ва ундан кейин Қуръондан ўзига осон бўлган бирор сурани ўқийди. Кейин эса биринчи ракаатда қилганларини қилади.
13. Агар намоз бомдод, жумъа, икки ҳайит намози сингари икки ракаатлик бўлса, иккинчи саждадан бошини кўтариб ўнг оёғини тик қилиб чап оёғини тўшаб устига ўтиради. Ўнг қўлини ўнг сони устига қўйиб, кўрсаткич бармоғидан бошқаларини йиғиб (яъни мушт қилиб), кўрсаткич бармоғини кўтариб Аллоҳнинг якка эканига ишора қилади. Ёки жимжилоқ ва номсиз бармоқни йиғиб, бош ва ўрта бармоқларини ҳалқа қилиб, кўрсаткич бармоқ билан ишора қилади. Зеро бу икки сифат ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган. Гоҳида бундай, гоҳида ундай қилиши эса афзалдир. Чап қўлини эса, чап сони ва тиззасининг устига қўяди. Мазкур ҳолатда ўтириб, ташаҳҳудни ўқийди: «Аттаҳиййату лиллаҳи вас-солавату ват-тоййибаат. Ассалааму ъалайка аййуҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Ассалааму ъалайнаа ва ъала ъибадиллоҳис-солиҳийн. Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ». Маъноси: «Саломлар, намозлар ва тоййиба-покиза сўзу амаллар Аллоҳ учундир. Эй Набий, сизга Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракотлари бўлсин. Бизга ҳамда Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ҳамда расулидир». Сўнгра ушбу салавотни ўқийди: «Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад, камаа соллайта ъала Иброҳим ва ъала аали Иброҳим. Иннака Ҳамидум Мажид. Ва баарик ъала Муҳаммадин ва ъала аали Муҳаммад, камаа баарокта ъала Иброҳим ва ъала аали Иброҳим. Иннака Ҳамидум Мажид» [13] Маъноси: «Аллоҳим, Иброҳимга ва унинг оиласига раҳмат этганинг каби Муҳаммадга ва унинг оиласи-умматига ҳам раҳм қил. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан. Аллоҳим, Иброҳимга ва унинг оиласига баракот-хайр ато этганингдек Муҳаммадга ва унинг оиласи-умматига ҳам баракот-хайр ато эт. Албатта Сен мақтовли ва улуғ Зотсан». [13] Имом Бухорий 797 ва имом Муслим 402.
Кейин тўрт нарсадан Аллоҳдан паноҳ тилайди: «Аллоҳумма инни аъузу бика мин ъазаби Жаҳааннама, ва мин ъазабил қобр, ва мин фитнатил маҳйа валмамаат, ва мин шарри фитнатил масиҳид-дажжаал». [14] Маъноси: «Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам азобидан, қабр азобидан, тириклик ва ўлим фитнасидан ҳамда масиҳи Дажжол фитнасининг ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман». [14] Имом Бухорий 1311 ва имом Муслим 588.
Сўнгра дунёю охират яхшиликларидан истаганини сўрайди. Ота-онасининг ёки бошқа мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилишининг зарари йўқ. Фарз намози бўлса ҳам, нафл бўлса ҳам фарқи йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ибн Масъудга ташаҳҳудни ўргатганлиги ҳақидаги ҳадисда: «Сўнгра ўзига ёққан дуони танлаб дуо қилаверади», [15] ҳадиснинг бошқа бир лафзида эса, «Сўнгра хоҳлаган тилагини тилайверади», [16] [15] Насоий ривояти 1298. [16] Имом Муслим 402.
дейилган умумийликка кўра, киши дунё ва охиратга тааллуқли барча нарсани сўраши мумкиндир. Сўнгра ўнг ва чап томонига «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ», «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ», деб салом беради.
14. Агар намоз шом каби уч ракаатлик, пешин, аср ва хуфтон каби тўрт ракаатлик намоз бўлса, икки ракаатдан кейин ташаҳҳудга ўтириб, мазкур ташаҳҳуд ва салавотни ўқийди. Сўнгра икки тиззасига таяниб, такбир айтиб, қўлларини елка ёки қулоқ баробарида кўтариб ўрнидан туради ва юқорида ўтганидай қўлларини кўкрак устига қўяди. Фотиҳа сурасининг ўзини ўқийди, пешиннинг учинчи ва тўртинчи ракаатида баъзан Фотиҳадан кейин бирор сурани ўқиса зарари йўқдир. Зеро Абу Саид разияллоҳу анҳу ривоят қилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган ҳадис бунга далил бўлади. Сўнгра шом намозида учинчи, пешин, аср ва хуфтон намозида тўртинчи ракаатда худди икки ракаатлик намоздаги сингари ташаҳҳуд ўқийди. Сўнгра икки томонига салом бериб, уч марта «астағфируллоҳ», дейди ва шуни ўқийди: «Аллоҳумма антас-салам ва минкас-салам, табаарокта яаа заль-жалаали вал-икроом». [17] Маъноси: «Аллоҳим, Сен Саломдирсан. Салом Сендандир. (Яъни, саломатлик фақат Сен томонингдан). Эй улуғлик ва икром соҳиби, Сен айбу нуқсондан пок ва муқаддасдирсан». Агар имомлик қилган бўлса, жамоатга ўгирилишидан олдин ўқийди. Сўнгра қуйидаги дуони айтади: «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ъалаа кулли шайъин қадийр. Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ. Аллоҳумма лаа мааниъа лимаа аътойта ва лаа муътия лимаа манаъта, ва лаа янфаъу заль-жадди минкал-жадд. Ла илаҳа иллаллоҳ, ва лаа наъбуду иллаа иййааҳу, лаҳун-ниъмату ва лаҳул-фазлу ва лаҳус-санааул-ҳасан. Лаа илааҳа иллаллоҳу мухлисийна лаҳуд-дийн ва лау кариҳал-каафируун». [18] Маъноси: «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. У ёлғиз ва шериксиз зотдир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир. У барча нарсага қодирдир. Аллоҳим, Сен берган нарсани тўсувчи, Сен тўсган нарсани берувчи йўқ. Сенинг ҳузурингда улуғлик-бойлик эгасига улуғлиги-бойлиги фойда бермайди. Ҳаракат ва қувват ёлғиз Аллоҳ мадади биландир. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Биз фақат Унгагина ибодат қиламиз. Неъмат ҳам, фазл ҳам, гўзал ҳамду сано ҳам Уникидир. Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да динни У учун холис қилувчилармиз». [17] Имом Муслим 591. [18] Имом Муслим 402.
Ҳар намоздан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ҳадисларга асосланиб, 33 марта «субҳаналлоҳ», 33 марта «алҳамдулиллаҳ», 33 марта «Аллоҳу акбар» ва юзинчисида «лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарика лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайин қодир» , дейди. Сўнгра «Оятал курси», «Қул ҳу валлоҳу аҳад», «Қул аъузу би роббил фалақ» ва «Қул аъувзу би роббин нас»ни ўқийди. Учта «Қул» калимаси билан бошланган ушбу сураларни бомдод ва шом намозидан кейин уч мартадан ўқийди. Ушбу зикрлар фарз эмас, суннатдир.
Ҳар бир мусулмон ва муслима учун пешин намози (нинг фарзи)дан олдин тўрт ракаат, пешиндан кейин икки ракаат, шом ва хуфтон намозларидан кейин икки ракаат ва бомдод намозидан олдин икки ракаат, жами ўн икки ракаат нафл намоз ўқиши суннатдир. Бу 12 ракаат намоз ротиба суннат намозлари деб аталиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам муқимликларида мунтазам ўқир эдилар. Аммо сафарда бўлганларида уларни ўқимас, фақатгина бомдоддан олдинги икки ракаатни ва витр намозини ўқир эдилар. Бомдоддан олдинги икки ракаатни ва витр намозини муқимликда ҳам, сафарда ҳам ўқирдилар. Мазкур ротиба суннатларни ва витр намозини уйда ўқимоқ афзал, масжидда ўқишликнинг эса зарари йўқдир. Зеро Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кишининг фарз намозларидан ташқари энг афзал намози уйида ўқиган намозидир», деганлар. [19] [19] Имом Бухорий 6860.
Бу 12 ракаатни мунтазам ўқиб юриш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига биноан Жаннатга кириш сабабларидандир: «Ким бир кеча ва кундузда ўн икки ракаат нафл намози ўқиса, Аллоҳ унга Жаннатда бир уй бунёд қилади». [20] [20] Имом Муслим 728.
Агар киши аср намозидан олдин тўрт ракаат, шом намозидан олдин икки ракаат ва хуфтондан олдин икки ракаат намоз ўқиса — бу яхши, чунки бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ривоятлар келган. Агар у пешиндан кейин тўрт ракаат ва пешиндан олдин ҳам тўрт ракаат ўқиса — бу ҳам яхши. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ким пешиндан олдинги ва ундан кейинги тўрт ракъатга муҳофаза қилса, уни Аллоҳ дўзахга ҳаром қилади». [21] Маъноси шуки: у пешиндан кейинги суннат намозига икки ракаат қўшмоқда. Чунки пешин намозининг муаккад суннати — тўрт ракаат пешиндан олдин ва икки ракаат кейин ўқишликдир. Агар киши пешиндан кейин яна икки ракаат қўшса, у ҳолда Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда зикр этилган савобга эришади. [21] Имом Ахмад ривояти 25547, Тирмизий 393 ва Абу Довуд 1077.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абудуллоҳга, У кишининг оиласи, саҳобалари ва то қиёматгача У зотга эргашганларга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!