Баъзи ҳожилардан содир бўладиган хатолар
Фазилатли шайх Аллоҳ у кишини, ота оналарини ва барча мусулмонларни мағфират айласин! Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамдлар ва пайғамбарларнинг хотами бўлмиш набиййимиз Муҳаммадга, аҳли оилалари, асҳоблари ва у кишига қиёматгача эргашадиган барчага салавоту саломлар бўлсин! Аммо баъд: Аллоҳ таоло айтади: «Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор». [Аҳзоб: 21] . «Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳга ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон…
These files are generated automatically from the book's text; their layout may differ from the printed edition.
Баъзи ҳожилардан содир бўладиган хатолар
Фазилатли шайх
Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин
Аллоҳ у кишини, ота оналарини ва барча мусулмонларни мағфират айласин!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамдлар ва пайғамбарларнинг хотами бўлмиш набиййимиз Муҳаммадга, аҳли оилалари, асҳоблари ва у кишига қиёматгача эргашадиган барчага салавоту саломлар бўлсин! Аммо баъд:
Аллоҳ таоло айтади: «Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор». [Аҳзоб: 21] . «Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг Аллоҳга ва Унинг калималарига иймон келтирадиган уммий элчисига–Пайғамбарига иймон келтиринг. Ва унга эргашинг, шоядки ҳидоят топсангиз». [Аъроф: 158] . «Сиз: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айтинг. Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир». [Оли Имрон: 31] . «Бас, сиз Аллоҳга таваккал қилинг. Албатта, сиз очиқ-ойдин ҳақдадирсиз». [Намл: 79] . «Ҳақдан сўнг нима бўладир? Магар залолат бўладир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?». [Юнус: 32]
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари ва ҳадийларига тескари келган барча ишлар ботил, залолат ва мардуддир. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким бизнинг ишимизда бўлмаган бир амални қилса, у рад қилинур». [1] Яъни: қабул қилинмайди, соҳибига қайтарилади. [1] Имом Муслим (18/1718) ва Имом Бухорий шу маънодаги ҳадисни (2697)-рақамда ривоят қилган.
Албатта, баъзи мусулмонлар — Аллоҳ уларни ҳидоят ва муваффақиятга етказсин — кўплаб ибодатларда, айниқса ҳажда, Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига таянмай ишлар қиладилар. Ҳажда эса илмсиз равишда фатво беришга уринадиганлар кўпайиб кетди. Фатво беришга шошиладилар. Ҳаттоки ҳозирда фатво бериш шуҳрат қозониш бозорига айланиб қолди. Шу сабабли залолатда ҳозирги кўриб турган ҳолатимизга келиб қолди. Ҳолбуки, ҳар бир мусулмон фатво беришга фақат илм билан ёндашиши шарт, чунки у Аллоҳнинг ҳузурида фатвоси учун жавоб беради. Чунки фатво берувчи — Аллоҳ таъолонинг вакили, Унинг сўзини етказувчи бўлади. Шу боис, фатво бераётганда Аллоҳ таолонинг пайғамбари ҳақида айтган сўзини эсласин. Аллоҳ таоло айтади: «Ва агар у Бизнинг (номимиздан) баъзи ёлғон сўзларни тўқиса. Албатта, Биз уни қудрат билан тутармиз. Сўнгра, албатта, унинг шоҳ томирини кесармиз. Бас, сизлардан ҳеч ким уни тўсиб қола олмас» [Ал-Ҳоққо: 44-47] . «Раббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳларни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан билмаган нарсани айтишни ҳаром қилган», деб айтинг» [Аъроф: 33]
Ҳожиларнинг кўп хатолари шу боистан, яъни, илмсиз берилган фатводан ва оми ҳалқ бир бирларига далилсиз эргашишларидан келиб чиққан.
Биз — Аллоҳ таолонинг ёрдами билан — хато кўп учрайдиган баъзи амаллардаги суннатни баён қиламиз ва шу ишдаги хатоларга эътибор қаратамиз. Шу билан бирга, Аллоҳдан бизларга тавфиқ беришини ва бу орқали мусулмон биродарларимизга манфаат етказишини сўраймиз. Албатта, У саҳий ва карамли Зотдир.
Эҳром ва ундаги баъзи хатолар
Саҳиҳайн ва бошқа китобларда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан собит бўлганки: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина аҳли учун Зул-ҳулайфани, Шом аҳли учун Жуҳфани, Нажд аҳли учун Қорнул-Манозилни, Яман аҳли учун Яламламни эҳромга кириш ўрни қилиб тайинлаб, шундай деганлар: «Булар ўша ерликлар учун ҳамда бу ерларга уларнинг аҳолисидан ташқари, ҳаж ва умра қилмоқчи бўлганлар учун». [2] [2] Имом Бухорий 1526 ва имом Муслим 1181.
Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ироқ аҳли учун Зоту-Ирқни мийқот қилиб тайинладилар». Абу Довуд ва Насоий ривояти [3] [3] Абу Довуд 1739 ва Насоий 2657.
Саҳиҳайнда яна Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан собит бўлганки: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мадина аҳли Зул-ҳулайфадан, Шом аҳли Жуҳфадан ва Нажд аҳли эса Қорндан мийқотга кирсин!», – деганлар. [4] [4] Имом Бухорий 1525 ва имом Муслим (13/1182).
Бу шариатни белгилаб берувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шаръий, тавқифий мийқотлардир. Ҳеч ким уни ўзгартириши, бузиши ёки ҳаж ва умрага ният қилиб эҳромсиз ўтиши мумкин эмас. Чунки бу Аллоҳ таолонинг чегараларида тажовуз қилишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ва ким Аллоҳнинг чегараларида тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир». [Бақара: 229] Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Умар разияллоҳу анҳумонинг ҳадисларида: «Мадина аҳли ... Шом аҳли ... Нажд аҳли ... мийқотга кирсин», – деганлар. Бу буйриқ маносидаги хабардир. Иҳлол деган сўз овозни талбия билан кўтаришдир. Эҳромга киргандан кейингина шундай қилинади.
Ҳаж ва умра қилишни хоҳлаган киши бу мийқотлардан ёки уни ёнлаб ўтса, у денгиздан, қуруқликдан ёки ҳаводан ўтишидан қатъий назар эҳром билан ўтиши фарз.
Агар йўловчи қуруқликдан келаётган бўлса ва ушбу мийқотлардан ёки ёнидан ўтса, эҳромга кириш пайтидаги ғусл, баданни поклаш ва эҳром кийимларини кийиш каби амалларни бажаради сўнгра йўлга чиқишдан олдин эҳромга ният қилади.
Агар йўловчи денгиз орқали келаётган бўлса: Агар кемаси мийқотга тўғри келганда тўхтаса, у ҳолда шу пайтда ғусл олади, хушбўйланади, эҳром кийимини кияди, сўнг кема ҳаракатланишидан аввал эҳромга киради. Агар кема мийқот ёнига келганда тўхтамаса, у ҳолда у мийқотга етиб келишидан олдин ғусл олади, хушбўйланади, эҳром кийимини кияди, сўнг мийқот олдига келганда эҳромга киради.
Агар йўловчи ҳаво йўли орқали келаётган бўлса: У ҳолда самолётга чиқишидан олдин ғусл қилиши, хушбўйланиши ва эҳром кийимини кийиши лозим. Кейин эса мийқотга яқинлашишидан озгина аввал эҳромга киради, чунки самолёт жуда тез ҳаракатланади ва аниқ мийқот устида туриш учун вақт бермайди. Агар у эҳтиёткорлик ўлароқ мийқотдан аввалроқ эҳромга кирса, бунда ҳеч қандай муаммо йўқ – бу жоиз.
Одамлар орасидаги хато шундан иборатки: баъзилар самолёт билан мийқот устидан ёки унинг ёнидан ўтиб кетишади ва эҳромга киришни Жидда аэропортига тушгунча кечиктиришади. Бу эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига хилоф ва Аллоҳ таоло белгилаган чегараларни бузиш ҳисобланади.
Саҳиҳ Бухорийда Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики: «Бу икки шаҳар (яъни Басра ва Кўфа) фатҳ қилингач, Умар разияллоҳу анҳу олдига келдилар ва дедиларки: «Эй мўминларнинг амири! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нажд аҳли учун Қорнни мийқот қилиб белгиладилар. Аммо у жой бизнинг йўлимиздан бироз четда. Агар биз Қорнга бормоқчи бўлсак, бу биз учун қийин бўлади». Шунда Умар разияллоҳу анҳу «Унда йўлингиздаги Қорнга тоғри келадиган (ёндашган) жойга қаранглар ва шу ердан эҳромга киринглар», –дедилар. [5] Шундай қилиб Хулофои рошидинларнинг бири Мўминларнинг амири ким мийқот ёнидан ўтса мийқотдан ўтгандай қилиб ҳисоблади. Ҳаво орқали ўтган киши қуруқлик орқали ёнлаб ўтган кишидан фарқ қилмайди. [5] Имом Бухорий 1531.
Агар киши бу хатога йўл қўйиб, эҳромга кирмасдан Жиддага тушса, у ҳолда самолётда мийқот ёнига келган жойига қайта бориб, ўша ердан эҳромга кириши лозим. Агар у бундай қилмаса ва Жиддада эҳромга кирса, унда — кўп олимларнинг фикрига кўра — фидя бериши вожиб бўлади. У Маккада бир ҳайвон сўйиши ва гўштининг барчасини у ердаги фақирларга тарқатиши керак. Ўзи ундан емайди ва бойларга ҳам ҳадя қилмайди, чунки бу фидя каффорат (жазонинг ўрнини босувчи қурбонлик) ҳукмида бўлади.
Тавоф ва унда йўл қўйиладиган амалий хатолар
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганки, У зот Каъбанинг шарқий қисмидаги Ҳажарул Асваддан тавофни бошлаганлар. [6] У зот Каъбани тўлиқ яъни Ҳижр (Исмоил девори) ташқарисидан айланиб тавоф қилганлар. [7] Шунга қўшимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккага илк кириб келганларида тавофнинг илк учтасида "рамал" қилганлар (яъни тезлаб, қадамни кичикроқ ташлаб юрганлар).[8] Тавоф пайтида У зот Ҳажарул-Асвадни дастлаб қўллари билан силар сўнгра уни ўпар эдилар. [9] Баъзи ҳолларда У зот ўз қўллари билан Ҳажарул-Асвадни силар, кейин ўша қўлларини ўпар эдилар. [10] Бошқа бир ҳолатда эса, У зот ўзлари билан бирга бўлган асога ўхшаш "миҳжан" (ҳасса) билан Ҳажарул-Асвадга ишора қилиб силар, кейин ўша миҳжанни ўпар эдилар. У пайтда У зот ўз туяларида минган ҳолда эдилар. [11] Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяларига минган ҳолда тавоф қилганлар ва Ҳажарул-Асвад олдидан ҳар марта ўтар эканлар, унга ишора қилар эдилар. [12] Шунингдек, ҳадисларда У зот Рукн ямонийни ҳам қўллари билан силар эдилар деган ривоят ҳам собит бўлган.[13] [6] Бухорий 1691-1692 ва Муслим 1227-1228 Ибн Умар ва Оиша розияллоҳу анҳумдан, шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан 1218-рақам билан ривоят қилганлар. [7] Имом Байҳақий «Сунан Кубро» (5/90). [8] Имом Бухорий 1603 ва имом Муслим 1261-1218. [9] Имом Бухорий 1611. [10] Имом Бухорий 1606 ва имом Муслим (246/1268). [11] Имом Муслим 1275. [12] Имом Бухорий 1612. [13] Имом Бухорий 1609 ва имом Муслим 1267.
Ҳажарул асвадни истиломдаги (яъни ўпиш, ушлаш ёки ишора қилишдаги) турли усуллар уларнинг қайси бири осонлигига қараб амалга оширилган, яна Аллоҳ билгувчироқ. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун қайси услуб осон бўлса, ўшани бажарганлар. У зот қилган барча ишлар (қўл теккизиш, ўпиш ёки ишора) Аллоҳ таолога ибодат ва У Зотни улуғлаш мақсадида қилинган. Қора тошнинг ўзида зарар ёки фойда бор деган эътиқод билан эмас.
Саҳиҳайнда Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши Ҳажарул асвадни ўпардилар ва шундай дер эдилар: «Мен зарар ҳам фойда ҳам бермайдиган тош эканингни биламан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сени ўпаётганларини кўрмаганимда сени ўпмасдим». [14] [14] Имом Бухорий 1597 ва имом Муслим 1270.
Баъзи ҳожилардан содир бўладиган хатоларга келсак:
1. Ҳажарул Асваддан олдин тавофни бошлашлари. Яъни, Ҳажарул Асвад ва Рукнул ямоний ўртасидан бошлаш. Бу эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарган ғулувдандир. [15] Бу Рамазонга бир икки кун қолганда рўза тутишни бошлаган кишига баъзи томонлама ўхшаб кетади ва бу ишдан ҳадисларда қайтарилган. [16] [15] Имом Насоий 3059, Ибн Можа 3029 ва Аҳмад (1/347). [16] Имом Бухорий 1914 ва имом Муслим 1082.
Баъзи ҳожиларнинг бундай қилишларини "эҳтиёт учун" деб даъво қилишлари қабул қилинмайди. Чунки ҳақиқий ва фойдали эҳтиёткорлик — бу шариатга эргашиш ва Аллоҳ ва Расулининг ҳудудидан чиқмасликдир.
2. Одам кўп бўлган пайтда Каъбанинг фақат ёпиқ қисми атрофида тавоф қилишади — яъни Ҳижрнинг бир эшигидан кириб, қарши томондаги эшикдан чиқиб тавоф қилиб Ҳижрнинг қолган қисмини ўнг томонларида қолдирадилар. Бу эса катта хатодир. Бундай амал билан тавоф тўғри бўлмайди. Чунки аслида ҳожи бу ҳолатда Каъба атрофини эмас, фақат бир қисмини айланган бўлади.
3. Етти марта айланишнинг барчасида рамл тарзида юриш.
4. Ҳажарул Асвадни ўпиш учун қаттиқ турткилаш, ҳатто баъзида уруш-жанжал ва ҳақоратли сўзларгача борилади. Бу эса одамлар орасида уриш ва ноўрин гапларни келтириб чиқаради. Бундай ҳолатлар Аллоҳнинг уйи — Масжидул Ҳаромда ва Унинг уйи соясининг остида жойлашган муқаддас маконда мутлақо муносиб эмас. Бундай ҳаракатлар натижасида тавоф ва ҳаттоки бутун ибодат ҳам ноқис бўлиб қолади. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган: «Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир». [Бақара: 197] Бундай тиқилинч хушуъни кетказади ва Аллоҳнинг зикрини унуттиради. Бу иккиси эса тавофдаги энг катта мақсаддир.
5. Ҳажарул асвад ўзи фойда келтиради, деган эътиқод. Шу сабабли улар уни ушлагач қўллари билан таналарига суртадилар ёки ўзлари билан бирга бўлган болаларига суртадилар. Бунинг барчаси жаҳолат ва залолатдир. Фойда ва зарар фақат Аллоҳдандир. Муъминларнинг амири Умарнинг сўзлари аввал айтилиб ўтилдики: «Мен зарар ҳам фойда ҳам бермайдиган тош эканингни биламан. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сени ўпаётганларини кўрмаганимда сени ўпмасдим».
6. Каъбанинг барча бурчакларини силашлари. Баъзилар каъбанинг барча деворларини силайдилар ва уни баданларига суртадилар. Бу жоҳиллик ва залолатдир. Каъбани силаш ёки ушлаш ибодат ва Аллоҳ азза ва жаллани улуғлаш бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган нарса устида тўхташи лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса каъбанинг икки ямоний рукнинигина (бурчагини) ушлаганлар. Улар шарқий ямоний рукн (Ҳажарул Асвад жойлашган бурчак) ва ғарбий ямоний рукн.
Имом Аҳмаднинг Муснадида Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қиладики: «У киши Муовия разияллоҳу анҳу билан бирга умра қилдилар ва Муовия разияллоҳу анҳу барча рукнни силай бошладилар». Шунда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: «Нега сен бу икки бурчакни силаяпсиз, ҳолбуки Расулуллоҳ ﷺ уларни силмаганлар?» – деб сўради. Шунда Муовийа разияллоҳу анҳу жавоб қилиб: — Қаабада ҳеч бир нарса тарк этилмасин» (ҳаммаси эҳтиромга лойиқ), – деди. Шунда Ибн Аббос шундай деди: «Албатта сизлар учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламда гўзал ўрнак бор». Муовийа: «Тўғри айтдинг», – деди. [17] Имом Тирмизий 858 ва Аҳмад (1/332).
Тавоф ва ундаги қавлий хатолар
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар Ҳажарул асвад олдига келганларида такбир айтар эдилар. [18] Рукнул ямоний ва Ҳажарул асвад орасида эса: «Роббана аатина фид дунйа ҳасанаҳ ва фил аахироти ҳасанаҳ ва қинаа ъазаба-н-наар», деб дуо қилар эдилар. [19] [Бақара: 201] Ва шундай деганлар: «Уй атрофида тавоф, Сафо ва Марвада саий ва Жамаротда тош отиш Аллоҳ зикрини қоим қилиш учун қилинган». [20] [18] Имом Бухорий 1613. [19] Абу Довуд 1892 ва Аҳмад (3/411). [20] Абу Довуд 1888, Тирмизий 902 ва Аҳмад 6/64.
Баъзи тавоф қилувчилар томонидан йўл қўйиладиган хатолардан бири шундаки: улар ҳар бир шавт (айланиш) учун махсус дуо тайинлаб оладилар ва у дуодан бошқасини ўқимайдилар. Ҳатто агар шавт тугаб қолса-ю, дуо ҳали тугамаган бўлса, ҳатто биргина сўзи қолган бўлса ҳам, кейинги шавт учун тайинлаган дуога ўтиш учун дуони тўхтатади. Агар дуони шавт тугашидан олдин тугатиб қўйса, сукунат сақлайди (яъни дуо қилмай туради). Ҳолбуки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳар бир шавт учун алоҳида тайинланган дуо ривоят қилинмаган. Шайхул Ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Тавофда (яъни, Қаабани айланишда) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан на буйруқлари, на сўзлари ва на таълимотлари билан белгиланган муайян зикр (ёки дуо) йўқ. Балки у ерда шариатда ворид бўлган турли дуолар билан дуо қилиш мумкин. Кўп одамлар томонидан мизоб (яъни, Қаабанинг томидан оқадиган тарнов) остида ўқиладиган махсус дуо ҳақида айтилган нарсаларнинг эса ҳеч қандай асоси йўқ». [21] [21] Мажмуъул Фатово (26/122).
Шунинг учун тавоф қилувчи киши дунё ва охират яхшилиларидан истаган нарсаси билан дуо қилиши мумкин. Шунингдек, шариатда жоиз бўлган ҳар қандай зикр билан — тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), таҳмид (Алҳамдулиллаҳ), таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу Акбар) ёки Қуръон ўқиш орқали зикр қилиши мумкин.
Баъзи тавоф қилувчилар йўл қўядиган хатолардан яна бири шундаки: улар ёзма дуоларни олиб, улар билан дуо қиладилар, ҳолбуки, у дуоларнинг маъносини ўзлари ҳам тушунмайдилар. Балки бу дуоларда матн терувчи ёки нусха кўчирувчи томонидан маънони бутунлай тескари қилиб юборадиган хатолар рўй берган бўлиши мумкин. Ҳатто тавоф қилувчи учун қилинган дуо унга қарши дуога айланиб қолган бўлиши мумкин. У киши ўзи билмаган ҳолда ўзини дуоибат қилиб қўяди. Биз бундай ғаройиб ҳолатларни кўп эшитганмиз.
Агар тавоф қилувчи киши Раббисидан ўзи хоҳлаган ва маъносини тушунадиган дуо билан дуо қилса, унинг маъносини қасд қилиб (англаб) сўраса, бу у учун яхшироқ ва фойдалироқ бўлар эди. Шу билан бирга, бу амал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўпроқ эргашиш ва У зотнинг суннатларига мосроқ бўлар эди.
Баъзи тавоф қилувчилар йўл қўядиган хатолардан бири: гуруҳ бўлиб, уларни бошлаб борадиган раҳбар орқали тавоф қилишларидир. Бу раҳбар баланд овозда дуо ўқиб, гуруҳ унинг ортидан бир овозда такрорлайди. Шу боис овозлар баландлашиб, саросима юзага келади, бошқа тавоф қилувчилар безовта бўлади, нима дейилаётганини англай олмай қолишади. Бу ҳолат хушуъни йўқотади ва Аллоҳ таолонинг бандаларига бу муқаддас жойда озор бериш ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни одамлар намоз ўқиётганларида қироатларини баланд овозда ўқиётганларини кўриб, шундай дедилар: «Ҳаммангиз Раббингизга муножот қилмоқда (яъни сирдан сўзлашмоқда), шундай экан, овозингизни Қуръон ўқишда бошқаларнинг овозидан баланд қилиб олманг». Имом Молик Мувоттода ривоят қилган. [22] Ибн Абдул Барр: «Бу ҳадис саҳиҳ», – деган. [23] Имом Молик 213. Тамҳид (23/319).
Нақадар гўзал бўлар эди, агар бу раҳбар, гуруҳни Каъбага олиб келиб уларни тўхтатиб шундай деса: «Фалон нарсани қилинг, фалон дуони айтинг, ёки ўзингиз хоҳлаган нарсаларни сўранг», деб уларга йўл-йўриқ кўрсатса, кейин у ҳам улар билан адашиб қолмасликлари учун бирга тавоф қилса, улар эса хушуъ ва хотиржамлик ила Раббиларидан қўрқиб, ундан умид қилиб, маъносини тушунган ва қалбдан чиқарган ҳолда дуо қилган бўлишарди. Шу билан бошқалар ҳам уларнинг озоридан омонда қоларди.
Тавофдан кейинги икки ракъат ва ундаги хатолар
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганки: У зот тавофни тамомлагач Мақоми Иброҳим олдига бордилар-да: «Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олинглар» [Бақара: 125] , оятини ўқидилар ва мақомни ўзлари ва Каъба ўртасига қўйиб икки ракъат намоз ўқидилар. [24] Биринчи ракаатда Фотиҳа ва «Қул яаа аййўҳал-каафируун» сурасини, иккинчи ракаатда эса Фотиҳа ва «Қул ҳувал-Лоҳу аҳад» сурасини ўқидилар. [25] [24] Имом Муслим 1218. [25] Имом Муслим 1218 мурсал ривоят қилган.
Баъзи одамларнинг бу ерда йўл қўядиган хатоси шундаки: улар икки ракъат намозни албатта Мақоми Иброҳимга яқин жойда ўқиш керак, деб ўйлашади. Шу сабабли, улар ўша жойда тўпланиб, айниқса, ҳаж мавсумида тавоф қилувчиларга халал беришади, уларнинг ҳаракатини тўсишади. Бу эса нотўғри тушунчадир.
Тавофдан кейинги икки ракаат намоз масжиднинг хоҳлаган қисмида бажарилса ҳам кифоя бўлади. Намозхон узоқдан туриб ҳам мақомни ўзи ва каъбанинг ўртасига қўйиб намоз ўқиса бўлади. У киши саҳнда ёки масжиднинг ривоқ(ёпиқ қисми)ида намоз ўқиса бўлади, шунда у озор беришдан ҳам, озор кўришдан ҳам омонда бўлади. Намозини хушуъ ва хотиржамлик билан адо этади.
Қанийди, Ҳарам масжидида хизмат қилувчилар мақоми Иброҳимнинг орқасида, унга яқин жойда намоз ўқиб, тавоф қилувчиларга озор бераётганларни тўхтатсалар ва уларга шу икки ракъат намозни мақомга яқин жойда ўқиш шарт эмаслигини тушунтирсалар жуда яхши бўлар эди.
Яна бир хатолик шундаки: Мақоми Иброҳим орқасида намоз ўқиётган баъзи кишилар, сабабсиз, кўп ракаат намоз ўқийдилар. Бу орада тавофни тугатган кишилар эса уларнинг намоз ўқиётган ўрнига муҳтож бўлиб туришади.
Яна бир хатолик шундаки: баъзи тавоф қилувчилар икки ракаат намозни тугатгандан сўнг, уларнинг етакчиси баланд овозда дуо қилади. Бу эса мақом орқасида намоз ўқиётганларнинг намозига ҳалал беради, уларга озор етказилади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло шундай деган: «Раббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг! Зотан, У ҳаддан ошувчиларни севмас». [Аъроф: 55]
Сафо ва Марвага чиқиш ҳамда улар устида дуо қилиш. Икки белги орасида югуриш ва ундаги хатолар
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафога яқинлашганларида: «Иннас-Софа вал-Марвата мин шаъааириллаҳ» - "Сафо ва Марва (тоғлари) Аллоҳнинг ибодат қилинадиган ерларидир" оятини ўқиганлари собит бўлган. [Бақара: 158] Сўнгра Каъбани кўрадиган бўлгунча унга чиққанлар ва қиблага юзланганлар. Қўлларини кўтариб Аллоҳга ҳамд айтиб дуо қилганлар ва Аллоҳни яккалаб такбир айтиб: «Лаа илааҳа иллаллоҳ валлоҳу акбар, лаа илааҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу лаа шарийкалаҳ, лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамд, йўҳйий ва йўмийт ваҳўва ъала кўлли шайъин қодийр, лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳ, анжаза ваъдаҳ ва насоро ъабдаҳ ва ҳазамал-аҳзааба ваҳдаҳ», деб уч марта айтганлар ва орасида дуо қилганлар. Маъноси: «Аллоҳдан ўзга (ҳақ) илоҳ йўқ. У шериксиздир. Мулк ҳам, ҳамд ҳам Уникидир ва У барча нарсага қодир. Аллоҳдан ўзга (ҳақ) илоҳ йўқ. У ваъдасининг устидан чиқди, бандасини ғолиб этди, гуруҳларни ёлғиз Ўзи мағлуб қилди». Сўнгра ундан юриб тушиб келганлар. Водийнинг ўртасига, яъни биринчи белгига етганларида иккинчи белгигача югурганлар. У икки белги ўрнидан ўтгач югуришни тўхтатиб Марвагача юрий бошлаганлар. Сафони устида бажарган амалларини Марво тоғида ҳам бажарганлар. [26] [26] Муслим ривояти 1218.
Бу ерда баъзи саъй қилувчилар йўл қўядиган хатолардан бири шундаки: улар Сафо ва Марва тепалигига чиққач, Қиблага юзланиб, қўлларини кўтариб, уч марта такбир айтадилар ва намоздаги каби қўллари билан ишора қиладилар. Кейин эса тушиб кетадилар. Бу амал Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган нарсага тўғри келмайди. Шунинг учун, агар имконлари бўлса, суннатда қандай келган бўлса, шундай амал қилсинлар. Агар имкон топа олмасалар, бундай амални тарк этсинлар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилмаган ишни қилмасинлар.
Баъзи саъй қилувчилар йўл қўядиган хатолардан яна бири шундаки: улар Сафодан Марвагача бўлган бутун масофани югуриб ўтадилар. Яъни, саъйнинг барча қисмини тез юриш билан адо этадилар. Бу эса суннатга хилофдир. Чунки суннатга кўра, фақат икки яшил белгининг орасида югурилади, қолган қисмларда эса оддий юриш керак. Бу хатолик кўпинча ё амал қилувчининг билмаганидан ёки одамларнинг тезроқ тугатишни хоҳлаб, шошилиши сабабли содир бўлади. Аллоҳул-мустаъаан.
Айрим аёлларнинг Сафа ва Марва орасидаги икки яшил белги орасида тез юриб, саъй қилишлари — яъни эркаклар каби шошилиб юришлари — хато ҳисобланади. Аёл киши саъйда бундай тез юрмаслиги керак, аксинча, одатда қандай юрса худди шундай табиий юриши лозим. Чунки Ибн Умар розияллоҳу анҳумо шундай деганлар: «Аёллар Каъба атрофида ҳам, Сафо ва Марва орасида ҳам рамал (тез югуриш) амалини бажармайди». [27] [27] Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» китобида (5/164) 13097-рақам билан ривоят қилган.
Яна хатолардан: баъзи саъйда юрувчилар: «Иннас-Софа вал-Марвата мин шаъоириллаҳ» - "Сафо ва Марва (тоғлари) Аллоҳнинг ибодат қилинадиган ерларидир" оятини ҳар Сафо ва Марва тоғига етганда ўқишади. [Бақара: 158] Суннат эса: Биринчи шавтни бажариш учун Сафога келаётганда айтиш холос.
Яна хатолардан: Баъзи саъй қилаётган кишилар ҳар бир шавт учун махсус зикрларни тайёрлаб қўядилар. Бу ишнинг асли йўқ.
Арафада туриш ва ундаги хатолар
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арафа куни Намирада пешин вақти киргунча турганлари собит бўлган. Сўнгра У зот уловга миндилар. Кейин ундан тушиб, пешин ва аср намозларини икки ракъатдан жамлаб, бир азон ва икки иқома билан, пешин вақтида (яъни жамъи тақдим қилиб) ўқидилар. Кейин яна уловга миндилар ва турадиган жойларига (яъни Арафотдаги турадиган маконларига) келиб тўхтадилар ва шундай дедилар: «Мен бу ерда турдим, Арафот тоғининг барча жойи турса бўладиган ўриндир». Қиблага юзланиб, икки қўлларини кўтариб, Аллоҳни зикр қилиб, унга дуо қилиб қуёш ботгунча кўп турдилар. Шундан сўнг Муздалифага йўл олдилар. [28] [28] Муслим ривояти 1218.
Баъзи ҳожилар йўл қўядиган хатолар:
1. Арафот ҳудудининг ташқи қисмига бориб жойлашадилар ва қуёш ботгунча ўша ерда қоладилар. Сўнгра Арафотда турмай у ердан Муздалифа томон йўл оладилар. Бу эса ҳаждан маҳрум қиладиган катта хато. Чунки Арафотда туриш — ҳаж арконларидан бири бўлиб, у сиз ҳаж ўтмайди. Кимки Арафотда белгиланган вақтда турмаган бўлса, унинг ҳажи қабул қилинмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ҳаж Арафадир. Ким жамъ кечаси бомдод киришидан олдин етиб келган бўлса, ҳажга етишибди». [29] [29] Абу Довуд 1949, Тирмизий 889, Насоий 3019, Ибн Можа 3015 ва Аҳмад (4/309).
Бу жуда катта хатонинг сабаби шундаки: одамлар бир-биридан ўрнак олиб, алданадилар. Уларнинг баъзилари Арафотга етиб бормасдан аввал тушиб олади ва унинг белгиларини текшириб кўрмайди. Шу билан у киши ўзининг ҳажини йўқотиш билан бирга бошқаларни ҳам адаштириб қўяди.
Агар ҳаж ташкилотчилари бу ҳақда барчага етиб борадиган воситалар орқали, турли тилларда эълон қилсалар ва ҳажга раҳбарлик қилувчилар бу ҳақда зиёратчиларни огоҳлантирсалар жуда яхши бўлар эди. Шунда одамлар ўз ишларидан бохабар бўлар эдилар ва ҳажни зиммаси соф бўладиган, тўлиқ шаклда адо этган бўлар эдилар.
2. Улар қуёш ботишидан олдин Арафотдан қайтиб кетадилар. Бу эса ҳаром ҳисобланади. Чунки бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига зид. У зот қуёш ботиб, унинг шокиласи йўқ бўлгунча Арафотда турганлар. Шунингдек, қуёш ботишидан аввал Арафотдан қайтиш — жоҳилият аҳлининг амалидир.
3. Улар дуо қилаётган вақтда ҳатто қибла орқаларида, ўнг томонларида ёки чап томонларида бўлса ҳам тоғга (яъни Арафот тоғига) юзланадилар. Бу эса суннатга зид. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо пайтида қиблага юзланганлар.
Жамаротда тош отиш ва ундаги хатолар
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлганки, У зот зулҳижжанинг 10-куни — Қурбон ҳайити куни, Жамратул Ақобага (яъни Маккага яқин бўлган энг охирги жамаротга) чошгоҳ вақтида етти кичик ҳажмдаги тошни отиб такбир айтар эдилар. Бу тошлар «хазф тошлари» каби бўлиб, нухотдан бир оз каттароқ бўлган. [30] Имом Бухорий 1751 ва имом Муслим 1218.
Сунан Насоийда Фазл ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. У киши Муздалифадан Миногача Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юлдошлари бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муҳассир водийсига тушиб шундай дедилар: «Жамаротда отишга хазф тошларини олинглар» (яъни: «Жамаротга отиладиган кичик, нўхотдек ёки ундан бироз каттароқ тошлардан олинглар»). Фазл яна айтадилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўллари билан қандай тош эканига ишора қилдилар. [31] [31] Имом Насоий 3060 ва имом Муслим 1282.
(Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда — Яҳё (ровий) айтади: «Ауф (иккинчи ровий) Абдуллоҳми ёки Фазлми — билмайди», деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ақаба куни тонгда туялари устида турган ҳолда менга шундай дедилар: «Менга кичик тошчалардан топиб бер!», дедилар. Мен У зот учун хазф (улоқтириладиган) тошчалардан тердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни қўлларига олдилар ва: «Мана шуларга ўхшаган (тошлар) билан» — деб икки марта айтдилар. Кейин қўллари билан ишора қилдилар — Яҳё (ровий) қўлини кўтариб ишора қилди — ва У зот:«Ғулувга кетманглар! Сизлардан аввалгилар ғулув (ҳаддан ошиш) сабаб ҳалок бўлишган», – дедилар. [32] [32] Имом Аҳмад (1/347), Насоий 3059 ва Ибн Можа (3029).
Умму Сулаймон бинт Амр ибн Аҳвас разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Улар айтади: «Мен Қурбон ҳайити куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Жамратул-Ақабани водийнинг ост томонидан тош отаётганларини кўрдим ва У зот шундай дер эдилар: «Эй инсонлар! Бирингиз бирингизни ўлдириб қўймасин! Агар жамаротда тош отсангиз нўхотдай тошларни отинглар». Аҳмад ривояти. [33] [33] Имом Аҳмад (3/503) ва Абу Довуд (1966).
Саҳиҳ Бухорийда Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «У киши биринчи (яъни энг яқин) жамротга етти тошча отар, ҳар бир тошдан сўнг такбир айтар эдилар. Сўнгра у олдинга чиқиб, одамлар озроқ жойга ўтар, қиблага юзланиб, узоқ туриб икки қўлини кўтариб кўп дуо қилар эдилар. Сўнгра ўрта жамаратга тош отар, сўнг чап томонга бурилиб яна одамлар озроқ жойга ўтар, қиблага юзланиб, узоқ қўлларини кўтариб туриб дуо қилар эдилар. Сўнгра Жамратул-Ақабани водий томонидан отиб, у ерда турмасдан шундай дер эдилар: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни мана шундай қилганларини кўрганман». [34] [34] Имом Бухорий 1751.
Имом Аҳмад ва Абу Довуд Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилганларки: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каъба атрофида тавоф, Сафо ва Марвада саъй ва Жамаротда тош отиш Аллоҳ зикрини қоим қилиш учун қилинган»,-дедилар. [35] [35] Абу Довуд 1888, Тирмизий 902 ва Аҳмад (6/64).
Баъзи ҳожиларнинг бу ўринда қиладиган хатолари:
1. Жамрот учун тошларни албатта Муздалифадан териб олиш керак деган эътиқодлари. Шу ишончлари сабабли улар кечаси тош териб, ўзларини овора қиладилар. Кейин эса ўша тошларни Мино кунларида ҳам олиб юрадилар. Ҳатто бирортасининг тоши йўқолиб қолса, қаттиқ қайғуриб, йўлдошларидан ортиқча Муздалифа тошларидан бериб туришларини илтимос қиладилар.
Юқорида айтилган нарсалардан шу нарса маълум бўладики: бу ишлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлмаган. Чунки У зот Ибн Аббос разияллоҳу анҳумога ўзи учун тош тўплашни буюрганлар. Ўша пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз уловлари устида эдилар. Кўриниб турибдики, бу тўхташ жамарот ҳузурида бўлган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муздалифадан йўлга чиққач, ундан аввал бирор жойда тўхтаганлари ривоят қилинмаган. Шунингдек, айнан ўша вақтда тош керак бўлгани сабабли, У зот бундан аввал тош тўплашни буюрмаганлар — чунки бунда фойда йўқ ва ортиқча оворагарчилик билан юк ташишга тўғри келган бўларди.
2. Уларнинг эътиқоди шундайки, жамаротларга тош отиш орқали гўёки шайтонларни отмоқдалар. Шу сабабли, жамаротларга «шайтон» деб ном қўйишади. Масалан, «катта шайтонга тош отдик», «кичик шайтонга отдик» ёки «шайтонларнинг отасига отдик» дейишади. Улар бу билан катта жамарот — Жамротул Ақабани назарда тутишади. Бундай иборалар эса ҳажнинг улуғ манзиллари ҳақида ўринсиз сўзлардир.
Уларни яна шундай ҳолатда кўрасизки, тош отиш пайтида гўё шайтонларга қарши курашаётгандек, қаттиқ ғазаб ва овоз билан бақириш, ҳақорат сўзлар айтиш, лаънатлаш билан тош отишади. Ҳатто баъзилари жамра устигига чиқиб, унга ҳақорат билан поябзали ёки катта ҳасса билан уриб, ғазаб ва ҳиссиётга берилиб ҳаракат қилишади. Бу пайтда бошқалар томонидан отилган тошлар унинг ўзига ҳам тегади ва у бундан ҳам баттар ғазабга минади ва янада қаттиқроқ тош отади. Атрофидагилар эса кулиб, қаҳ-қаҳ уришади — гўёки у ерда бир қизиқчининг театр саҳнаси бўлаётгандек. Биз бу манзарани жамаротларга кўприклар қурилиб, белгилари кўтарилишидан аввал кўрганмиз.
Бу қилмишларнинг барчаси ушбу эътиқодга асосланган: гўё ҳожилар шайтонларга тош отмоқда. Аммо бу эътиқодга, суянадиган ҳеч қандай саҳиҳ асос йўқ. Юқорида зикр қилинганлардан маълум бўладики, жамаротларга тош отишнинг ҳикмати — Аллоҳ таолонинг зикрини қоим қилиш учун жорий этилган. Шу сабабли, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир тош отгандан сўнг такбир айтганлар.
Улар жамаротларга катта тошлар, оёқ кийимлар ва ёғочлар отадилар — бу эса катта хатодир. Чунки бу амал Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари қилган ва умматларини ҳам шунга буюрган суннатларига зиддир. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам нўхот каби тошчаларни отганлар, умматларини ҳам шундай қилишга буюрганлар ҳамда динда хаддан ошишдан қайтарганлар. Бу катта хатонинг сабаби эса: улар ўзларича жамаротдаги шайтонни отяпмиз деб ишонишларидир.
4. Улар жамрага Аллоҳ таолога ҳушуъ ва ундан қўрқув билан эмас, аксинча, мусулмонларга раҳм қилмай, шиддат ва зўравонлик билан яқинлашишади. Улар шундай йўл тутишлари орқали бошқаларга озор етказишади, зарар беришади, ўзаро ҳақоратлашиш ва уриш-жанжал юзага келади. Бу эса ибодат ва муқаддас жойни жанжал ва душманлик манзарасига айлантириб қўяди. Натижада, бу амал Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида қандай бўлган бўлса, ўшандан бутунлай фарқли ҳолга келади ва тош отиш амалининг асл мақсадидан чиқиб кетилади. Муснадда Қудома ибн Абдуллоҳ ибн Аммордан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни Наҳр куни Жамротул Ақабада Саҳбо номли туяларининг устида тош отаётганларини кўрдим. У ерда на уриш, на қувиш ва на қий-чув бор эди». Тирмизий ривоят қилиб «Ҳасан саҳиҳ» деган. [36] [36] Тирмизий 903, Насоий 3063, Ибн Можа 3035 ва Аҳмад (3/413).
5. Ташриқ кунлари биринчи ва иккинчи ақабада тош отиб битгач дуо қилиб турмасликлари. Дарҳақиқат, юқорида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қиблага юзланиб икки қўлларини кўтариб узун дуо қилиб туришларини билдингиз.
Инсонлар бу ишни тарк қилишларининг сабаби: суннатни билмасликлари ёки кўп инсонлар ибодатдан тезроқ қутилиш учун уни шошиб бажаришларидир.
Эҳ, агар ҳожи киши ҳаж қилишдан аввал унинг ҳукмларини ўрганса эди, Аллоҳ таолога илм ва аниқ далилга асосланиб ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни тўлиқ амалга оширган ҳолда ибодат қилган бўларди. Ҳаттоки, бир киши бир шаҳарга сафар қилмоқчи бўлса, у ерга етиб бориш учун йўлни сўраб, йўл кўрсатувчи орқали боради. Шундай экан, кимки Аллоҳ таолога ва Унинг жаннатига олиб борувчи йўлни тутмоқчи бўлса, у бу йўлни аввало ўрганиши, сўраши ва кейингина унга қадам қўйиши лозим эмасми?
6. Ҳамма тошчаларни бир ҳавуч қилиб бир мартада отишлари жуда катта хатодир. Уламолар айтадиларки: Агар бир киши бир ҳовучда бир нечта тошни бир пайтда отса, у фақат битта тош отди деб ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир тошни алоҳида-алоҳида отиш лозим; Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам айнан шундай қилганлар.
7. Уларнинг тош отиш пайтида Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинмаган: «Аллоҳим, бу амални Раҳмоннинг розилиги ва шайтоннинг ғазаби қилгин» каби дуоларни қўшишлари. Баъзилари шундай деб айтиб, суннатда келган такбирни тарк этадилар. Энг тўғриси — ҳеч қандай қўшиш ёки камайтиришсиз, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган сўзлар билан кифояланишдир.
8. Тиқилинчдан ва амал машаққатидан қутилиш учун Жамаротга тош отишни енгил санаб, кучлари ета туриб бошқаларни отишга вакил қилишлари. Бу Аллоҳ таолонинг ҳажни тамомлаш буйруғига тескаридир. У Зот айтади: «Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тугал адо этинг». [Бақара: 196]
Қодир бўлган инсон жамаротга тошни ўзи отиши вожиб. У қийинчилик ва чарчоққа сабр қилсин; чунки ҳаж – жиҳоднинг бир тури бўлиб, у албатта машаққат ва қийналишсиз бўлмайди. Шунинг учун ҳожи ўз Раббидан қўрқсин ва Аллоҳ унга амр қилганидек ҳаж амалларини қодир бўлгунча тўлиқ адо этсин.
Видолашув тавофи ва ундаги хатолар
Саҳиҳайнда Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики: «Одамларга Каъба билан охирги аҳдлари — Видолашув тавофи — бўлиши буюрилган, магарам, ҳайз кўраётган аёлларга бу борада енгиллик берилган», – деганлар. [37] [37] Имом Бухорий 1755 ва имом Муслим 380/1328.
Муслим ривоят қилган лафзда: «Инсонлар ҳар томонга сочилиб кетар эдилар, шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Охирги борар жойи Каъба бўлмагунча инсонлар кетмасинлар», – дедилар. [38] [38] Имом Муслим ривояти 1327.
Абу Довуд ушбу лафз билан ривоят қилган: «Охирги борар жойи Каъбани тавоф қилиш бўлсин». [39] [39] Абу Довуд 2002.
Саҳиҳайнда Умму Салама разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга касаллигимни шикоят қилдим. Шунда: «Одамлар ортидан уловга минган ҳолда тавоф қил», – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъба ёнида намоз ўқирканлар мен тавоф қилдим. Улар Тур сурасини ўқаётган эдилар. [40] [40] Имом Бухорий 1633 ва имом Муслим 1276.
Насоий ҳам улардан ривоят қилади. Мен: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасам, мен чиқиш тавофини бажармадим», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар намозга қомат айтилса, инсонлар ортидан туянг устида тавоф қилгин», – дедилар. [41] [41] Насоий ривояти 2929.
Саҳиҳ Бухорийда Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин, аср, шом ва ҳуфтон намозларини ўқидилар. Сўнгра Муҳассаб деган жойда озгина ухлаб олдилар. Сўнгра Каъба томон уловга миниб йўл олдилар ва унда тавоф қилдилар». [42] [42] Имом Бухорий 1756.
Саҳиҳайнда Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «София разияллоҳу анҳо Ифоза тавофидан сўнг ой кўрдилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Энди у бизни ушлаб қоладими?», – дедилар. Шунда: «У Ифоза тавофини бажарган», – дедилар. «Ундай бўлса, йўлга отлансин!», – дедилар. [43] [43] Имом Бухорий 4401 ва имом Муслим (382/1211).
Муваттода Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадики. Умар разияллоҳу анҳу: «Каъбани тавоф қилмагунча ҳожиларнинг ҳеч қайси бири йўлга отланмасин! Маносикларнинг охиргиси Каъба атрофида тавоф қилишдир», – дедилар. [44] [44] Имом Молик 1079. Яҳё ибн Яҳё ривояти.
Яҳё ибн Саъиддан ҳам ривоят қилинади. Умар разияллоҳу анҳу Зоҳрон деган ердан бир киши Видолашув тавофини бажармагани учун тавофни бажаришлик учун қайтариб юборди. [45] [45] Имом Молик 1081.
Бу амалда баъзи инсонлар бажарадиган хатолар:
Улар Минодан нафр (қайтиш) куни жамраларни отишдан олдин тушиб кетишади, кейин видолашув тавофини қилишади, сўнгра яна Минога қайтиб, жамраларга тош отишади ва ўша ердан ўз юртларига йўл олишади. Бу иш жоиз эмас! Чунки бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруғига хилофдир. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожиларнинг охирги алоқаси Каъба билан бўлишини буюрганлар. Агар кимдир видолашув тавофидан кейин жамра отса, у ҳолда у Каъбани эмас, жамаротларни охирги амал қилиб қўйган бўлади. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув тавофини фақат ҳажнинг барча маносикини тамомлаганларидан кейин, Маккани тарк этаётган пайтда қилганлар. У зот шундай деганлар: «Ҳаж амалларингизни мендан ўрганиб олинглар». [46] Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган асар ҳам маносикларнинг охиргиси Каъба атрофида қилинадиган тавоф эканига далолат қилади. [46] Имом Муслим 1297.
Кимки аввал видолашув тавофини қилиб, ундан сўнг жамаротда тош отган бўлса, унинг тавофи ўринли ҳисобланмайди. Чунки у ўз вақтида қилинмаган. Шу сабабли, у одам жамаротни отгандан сўнг тавофни қайта қилиши шарт. Агар қайта қилмаса, у тавофни тарк этган одам ҳукмида бўлади.
2 - Уларнинг видолашув тавофидан кейин Маккада қолишлари туфайли Каъба билан охирги аҳдлари тавоф бўлмайди. Бу эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам амр қилган нарсага хилофдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожиларнинг охирги амаллари Каъбани тавоф қилиш бўлишини амр қилдилар ва буни ўз амаллари билан умматга кўрсатиб бердилар. У зот видолашув тавофини фақат Маккани тарк этаётган пайтларида қилдилар. У зотнинг саҳобалари ҳам шундай амал қилганлар.
Бироқ аҳли илмлар агар зарур ва кутилмаган ҳолат юзага келса, видолашув тавофидан кейин қисқа муддат Маккада қолишга рухсат беришган. Масалан: видолашув тавофидан сўнг намоз вақти кириб қолса ва у намоз ўқиса ёки жаноза келиб қолиб жаноза намозини ўқиса ёки сафарга боғлиқ зарур эҳтиёжлари бўлса — масалан, юк сотиб олиш, йўлдошларни кутуш ва шунга ўхшашлар. Аммо кимки видолашув тавофидан кейин шариат рухсат бермаган муддатчалик туриб қолса, у ҳолда, тавофини қайта қилиши вожиб бўлади.
3 - Каъбага ҳурмат ифода қилиш мақсадида, баъзилар видолашув тавофидан кейин масжиддан орқага юриб чиқишади. Аммо бу суннатга хилофдир. Аксинча, бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган бидъатлардандир. У зот бу ҳақда шундай деганлар: «Ҳар бир бидъат залолатдир». [47] Бидъат — бу ақида ёки ибодатда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У зотнинг ҳидоят топган халифалари йўлига хилоф янги нарсани жорий қилишдир. Энди, орқаси билан қайтиб чиқувчи инсон, гўё Каъбани у шундай қилиш орқали улуғламоқчи бўлса, ўзи шу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам кўпроқ улуғлаяпман деб ўйлаяптими?! Ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва У зотнинг халифалари Каъбани улуғлаш бу тарзда бўлишини билмаган деб ўйлаяптими?! [47] Муслим ривояти 867.
4 - Улар видолашув тавофи тугагач, масжид эшиги олдида Қаабага юзланиб дуо қилишади — гўёки Қааба билан видолашаётгандек. Бу бидъатдир! Чунки бундай амал на Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва на унинг халифаларидан ривоят қилинмаган. Ҳар қандай ибодат шакли — агар у Аллоҳга яқинлашиш ниятида қилинса ва шариатда бунинг асоси бўлмаса — ботил ҳисобланади ва бундай амал эгасига рад этилади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ким бизнинг ишимизда ундан бўлмаган янги нарсани чиқарса, у (иши) рад қилингандир». [48] Яъни соҳибига қайтарилгандир. [48] Имом Бухорий 2697 ва имом Муслим (17/1718).
Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган мўмин — ибодатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган суннатга эргашиши вожибдир! Шу йўл билан у Аллоҳнинг муҳаббати ва мағфиратига сазовор бўлади. Чунки Аллоҳ таоло шундай деган: «Сиз: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айтинг. Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир». [Оли Имрон: 31] «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш — У зот бажарган ишларида бўлгани каби, тарк этган ишларида ҳам бўлади. Агар У зотнинг замонида бир амални қилишга сабаб (зарурат) бўлган бўлса-ю, У зот у ишни қилмаган бўлсалар, бу – суннат уни тарк қилиш керак эканини англатади. Шу сабабли, бундай амални Аллоҳнинг динида янгидан жорий этиш мумкин эмас, гарчи, инсон уни яхши кўрса ва ёқтирса ҳам. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди. Йўқ! Биз уларга ўз шарафларини келтирдик» [Мўминун: 71] Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг ҳавоси мен олиб келган нарсага эргашмагунча иймонли бўлмайди», – деганлар. [49] [49] Бу ҳадисни Ибн Аби Осим «ас-Сунна» асарида (12-бет, 15-рақам) ривоят қилган, Бағдодий эса «Тарих Бағдод»да (6-жуз, 21-бет) келтирган, Бағовий эса «Шарҳ ас-Сунна»да (1-жуз, 212-бет, 104-рақам) зикр этган. Шунингдек, Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳнинг «Жомеъ ал-улум вал-ҳикам» китобида «Арбаъин ан-Нававия»даги қирқ биринчи ҳадис шарҳига қаранг.
Аллоҳ таолодан сўраймизки, бизларни Ўзининг тўғри йўли — сиротул мустақимга ҳидоят қилсин, бизга ҳидоят берганидан сўнг қалбларимизни оғдириб юбормасин ҳамда Ўз тарафидан бизга раҳмат ато этсин. Зеро, албатта У Зот — (неъматларни) инъом этувчи Зотдир. Барча ҳамду санолар оламларнинг Рабби Аллоҳга бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммадга, У зотнинг оилалари ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин!
Ҳижрий 1398 йил Шаъбон ойининг 19-кунида таҳрир қилинди.
Аллоҳга фақир қули
Муҳаммад Солиҳ Усаймин қаламига мансуб
Аллоҳ у кишини, ота оналари ва барча мусулмонларни мағфират айласин!
Related books
All books
Қуръон ва суннат асосида ҳаж, умра ва зиёратга оид масалаларнинг таҳлили ва изоҳи55 tilҚуръон ва суннат асосида ҳаж, умра ва зиёратга оид масалаларнинг таҳлили ва изоҳи
Китоб ҳаж, умра ва зиёрат аҳкомларини Қуръон ва суннат асосида баён қилади. Ҳаж ва умранинг фарз ва вожиб амаллари, эҳромда тақиқланган нарсалар ҳамда Масжиди набавийни зиёрат қилиш одоблари тушунтирилган ва ушбу ибодатлардаги бидъатлардан огоҳлантирилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг кўриниши82 tilРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг кўриниши
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларининг кўриниши» номли ушбу китобда марҳум шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намоз ўқиш тартибларини тушунарли, содда ва аниқ услубда баён қилганлар. У зот бу китобда саҳиҳ ҳадислар ва далилларга асосланган равишда Пайғамбаримизнинг намозларини қандай ўқиган бўлсалар, шу тарзда баёнлаганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўлиқ иқтидо қилишга чақирган ҳолда, хусусан, энг улуғ ибодат бўлмиш намознинг таҳоратдан бошлаб, салом бергунга қадар барча қисмлари — фарзлари, суннатлари ва тартиблари…
حكم السحر والكهانة28 tilحكم السحر والكهانة
كتاب "رسالة في حكم السحر والكهانة" للشيخ عبد العزيز بن باز، يوضح خطر السحر والكهانة على الإسلام والمسلمين. يشرح الكتاب الأحكام الشرعية المتعلقة بالسحر وإتيان الكهان، مدعماً بالدليل من القرآن والسنة. يحذر الكتاب من التعامل مع المشعوذين والسحرة، ويوجه المسلمين إلى العلاج الشرعي بالسنة النبوية والتعوذات الصحيحة عن النبي -صلى الله عليه وسلم-. كما يقدم نصائح للحماية من السحر وكيفية التعامل معه إذا وقع، مؤكداً على التمسك بكتاب الله وسنة رسوله لتحقيق التحصين والحماية والشفاء.
رسول الإسلام محمد صلى الله عليه وسلم81 tilصلىوسلمرسول الإسلام محمد صلى الله عليه وسلم
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман. Ислом элчиси –Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ислом элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида қисқача мақола. Бу мақолада, у кишининг исмларини, насабларини, шаҳарларини, аҳли оилаларини, ҳақиқий пайғамбар эканликларига далолат қилувчи оят-мўъжизаларини, шариатларини ва ундаги тортиш жойларни баён қиламан. Мақола таржима қилинишини эътиборга олиб, пайғамбар ва Муҳаммад сўзларини ҳар доим бирга зикр қилишга ҳарис бўлдим. 1- Исмлари, насаблари ва тўғилиб-ўсган шаҳарлари. Ислом элчиси –Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн…