Skip to content
381 Hadislar

Payg'ambar hadislari ensiklopediyasi

Natijalarni filtrlash

381 kartadan 40

Filtrlarni tozalash
«Эй Одамлар! Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Албатта, Аллоҳ пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам амр этди: «Эй Пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амал қилинглар. Мен нима қилаётганганингизни билувчиман». Яна айтганки: «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар». Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: «Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: "Ё Рабб! Ё Рабб!" деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!»
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирган эдик. Бир пайт кийимлари оппоқ, соч-соқоли қоп-қора, устида сафар аломати кўринмаётган (кийимларига гард қўнмаган-ки, узоқдан сафар қилиб келибди, десак) ва биронтамиз ҳам уни танимайдиган бир киши тўсатдан пайдо бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб ўтирди, икки тиззасини (Расулуллоҳнинг) тиззаларига тиради (юзма-юз, бақамти бўлиб ўтириб олди), икки қўлини (ўзининг) сони устига қўйиб, «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом – «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва албатта, Муҳаммад Унинг элчисидир»,— деб гувоҳлик беришинг, намозни қоим қилишинг, закотни беришинг, Рамазон (ойи) рўзасини тутишинг ва йўлига қодир бўлсанг Байтга (Каъбага) ҳаж қилиб боришинг»,— дедилар. У: «Тўғри айтдинг»,— деди. Унинг ишидан ажабландик: ўзи сўраб, (жавобни) ўзи тасдиқлаяпти. Кейин: «Менга иймон ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Иймон) Аллоҳга, Унинг малоика-фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхшию ёмонига иймон келтиришинг»,— дедилар. У (одам): «Тўғри айтдинг»,— деб, кейин «Энди эҳсон ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Эҳсон) Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасанг, У сени кўради (биринчи ҳолатдагидек ибодат қила олмасанг, унда иккинчи ҳолатдагидек – Аллоҳ сени кўриб турганини ҳис қилиб, Унга ибодат қил)»,— дедилар. У (савол беришда давом этиб): «Қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ҳақида сўралувчи сўровчидан илмлироқ эмас (сен унинг қачон бўлишини билмаганингдек, мен ҳам бу ҳақида ҳеч нарса билмайман)»,— дедилар. У: «Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Аломатлари) чўри ўз бекасини туғиши (фарзанд улғайиб ўз онасига худди чўрисидек муомала қилиши), ялангоёқ, яланғоч, қашшоқ, (олдин) қўй боқиб юрган кишилар баланд-баланд бинолар қуришда ўзаро мусобақага киришиши»,— дедилар. Кейин у одам кетди. Бир муддат жим туриб қолдик. Кейин (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Умар, бу савол берувчи кимлигини биласанми?» – дедилар. «Аллоҳ ва Расули билгувчироқ», деб жавоб бердим. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «У Жибрил. Сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди»,— деб айтдилар».
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан баъзи бировлар У зотга дедилар: — Ё Расулуллоҳ! Бой-бадавлат одамлар ажр-савобларни олиб кетишди-ку: улар биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади, рўза тутганимиздек рўза тутишади ва ошиқча мол-давлатларидан садақа қилишади. — Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилинадиган нарсаларни бермаганми? Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа, ҳар бир такбирингиз – садақа, ҳар бир таҳлилингиз – садақа, яхшиликка буюриш – садақа, ёмонликдан қайтариш – садақа ва жуфтингиз билан қовушишингиз ҳам садақа! — Ё Расулуллоҳ! Агар биримиз шаҳватини қондирса, шунинг учун ҳам ажр оладими?! — Ахир у шаҳватини ҳаромга тўкканида гуноҳкор бўлармиди?! Демак, шаҳватини ҳалолга тўккани унинг учун ҳам ажр бўлади.
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти
«Фарзларни ўз аҳлига беринглар, ортиб қолгани эса энг яқин эркак кишигадир», – дедилар.
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ
«Аллоҳ ва Унинг Расули хамр, ўлимтик, чўчқа ва санамларнинг савдосини ҳаром қилди», деганларини эшитдим. Шунда: «Ё расулуллоҳ, ўлимтик ёғига нима дейсиз? Ахир у кемаларга суртилади, у билан терилар мойланади, одамлар чироқ ёқишади», – дейилди. У зот: «Йўқ! У ҳаром», – дедилар. Кейин ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ яҳудийдарни ҳалок қилсин! Аллоҳ азза ва жалла уларга унинг ёғини ҳаром қилганда уни эритиб, кейин сотиб, пулини ейишди», – дедилар.
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ
«Дунёда бир ғариб ёки йўловчидек бўлгин». Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтардилар: «Кун ботса, тонгни кутма. Тонг кирса, кеч бўлишини кутма. Касалликдан олдин соғлигингни, ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил».
Саҳиҳ Имом Бухорий ривояти
«Эй бола! Мен сенга бир неча калималарни ўргатаман: Аллоҳнинг ҳақларини сақлагин - У Зот сени сақлайди. Аллоҳнинг ҳақларини сақла - Уни қаршингда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Агар кўмак тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, бутун уммат сенга бир манфаат етказмоқ учун жамлансалар ҳам, фақат, Аллоҳ таоло сен учун ёзиб қўйган манфаатни етказа оладилар. Агар улар сенга бир зарар бермоқ қасдида тўплансалар ҳам, фақат, Аллоҳ сенга ёзиб қўйган зарарнигина бера оладилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриб бўлган».
Саҳиҳ Термизий ва бошқалар ривояти
«Албатта, ҳалол (нарсалар) аниқ, ҳаром (нарсалар) ҳам аниқ. Бу иккисининг ўртасида шубҳали ишлар борки, уни одамларнинг кўпчилиги билмайди. Ким шубҳа(ли нарса)лардан сақланса, дини ва обрўсини пок тутибди. Ким шубҳа(ли нарса)ларни қилса, ҳаромга кириб қолибди. (Бунинг мисоли) худди қўриқланадиган ер атрофида қўй боқадиган чўпон каби: (қўйлари бир кун келиб) шу ерга кириб кетиши мумкин. Огоҳ бўлинглар: ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқланадиган (биров дахл қила олмайдиган) ери бор. Огоҳ бўлинглар: Аллоҳнинг қўриқланадиган ери У ҳаром қилган нарсалардир. Огоҳ бўлинглар: жасадда бир парча гўшт борки, агар у яхши бўлса, бутун жасад ислоҳ (яроқли) бўлади, агар фосид (бузуқ) бўлса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинглар: у қалбдир!»
Саҳиҳ Бухорий ва Муслим ривояти