Skip to content
381 Hadislar

Payg'ambar hadislari ensiklopediyasi

Natijalarni filtrlash

381 kartadan 49

Filtrlarni tozalash
«Ислом беш устунга бино қилингандир: «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат айтишга, намозни тўкис адо этишга, закот беришга, ҳаж қилиш ва Рамазон рўзасини тутишга», – дедилар».
Саҳиҳ Бухорий ва Муслим ривояти
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рабб азза ва жалладан ривоят қилиб шундай дедилар: «Дарҳақиқат, Аллоҳ яхшилик ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра уларни (у ишларнинг қай бири яхши-ёмонлигини) баён қилди. Ким бир яхшиликни қилишга қасд қилса-ю, лекин уни бажармаса, Аллоҳ унга Ўз ҳузурида тўлиқ савоб ёзади. Агар (аввал) қасд қилиб, кейин (шу яхшиликни) бажарадиган бўлса, Аллоҳ унга Ўз ҳузурида ўнтадан етти юзтагача ва ундан-да кўп савоб ёзади. Агар (киши) бир гуноҳ-ёмонликка қасд қилиб, кейин унга қўл урмаса, Аллоҳ уни Ўз ҳузурида тўлиқ савоб деб ёзади. Агар унга (гуноҳга) қасд қилиб туриб, кейин қилса, Аллоҳ уни битта гуноҳ деб ёзади».
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ
«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарларининг бирида У киши билан бирга бўлганларини ва У зот инсонлар тунаш жойларида эканлар бир кишини юбориб: «Биронта ҳам туянинг бўйнида қилода (тумор мақсадида бойланган бўйинбоғ) қўймасдан, кесиб ташлашни буюрдилар».
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Бир-бирларингизга зулм қилманглар. Эй бандаларим! Мен тўғри йўлга йўллаганлардан бошқа ҳаммангиз адашгансиз. Мендан тўғри йўлни сўранглар, сизларни тўғри йўлга йўллайман. Эй бандаларим! Мен ризқлантирганлардан бошқа барчангиз очсиз. Мендан ризқ сўранглар, сизларни тўйдираман. Эй бандаларим! Мен кийим берганлардан бошқангиз яланғочсиз. Мендан кийим сўранглар, кийим бераман. Эй бандаларим! Сизлар кечаю кундуз хато (гуноҳ) қиласиз. Мен барча гуноҳларни кечиргувчиман. Мендан гуноҳларингизни кечиришимни сўранглар, гуноҳларингизни кечираман. Эй бандаларим! Менга зарар етказа олмайсиз, чунки зарарингиз етадиган даражада эмассиз. Менга фойда келтира олмайсиз, чунки фойда келтирадиган мавқеда эмассиз. Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг тақводор одамдек бўлса ҳам, мулкимни асло кўпайтирмайди. Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар энг фожир одамдек бўлса ҳам, мулкимдан бир нарсани камайтирмайди. Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар ҳамма бир майдонга тўпланиб, Мендан сўраса, ҳар бир инсонга сўраганини берсам, мулким денгизга ботириб чиқарилган игнанинг учидаги сувчалик ҳам камаймайди. Эй бандаларим! Амалларингизни ҳисоблаб қўяман. Сўнг уларнинг эвазини (мукофоти ёки жазосини) тўлиқ қилиб бераман. Ким яхшиликни топса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Ким ёмонликка йўлиқса, ўзидан бошқани айбламасин!»
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти
«Умму Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳабашистондаги Мария деб номланувчи черков ва ундаги суратлар ҳақида кўрган нарсасини гапириб берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар шундай қавмдирларки, агар ораларидаги бир солиҳ банда ўлса, унинг қабрига масжид бино қилиб, унга суратларни чизиб ташлайдилар. Улар Аллоҳнинг наздида махлуқотларнинг энг ёмонидирлар!», дедилар».
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ
«Эй Одамлар! Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Албатта, Аллоҳ пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам амр этди: «Эй Пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амал қилинглар. Мен нима қилаётганганингизни билувчиман». Яна айтганки: «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар». Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: «Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: "Ё Рабб! Ё Рабб!" деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!»
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти
Аллоҳ ерни ўз қабзасига олиб, османоларни ўнг қўли билан буклайди. Сўнгра Аллоҳ: «Мен подшоҳман, ер подшоҳлари қаерда?», – дейди.
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этишларидан беш кун олдин шундай деганларини эшитганман: «Мен Аллоҳга бирортангиз билан халил (вафодор дўст) тутинмаслигимни айтаман. Аллоҳ таоло Иброҳимни халил тутганидек, мени ҳам халил тутди. Агар умматимдан халил тутинсам, Абу Бакр билан халил тутинган бўлар эдим. Билиб қўйинглар, сизлардан олдин ўтганлар анбиёлари ва солиҳларининг қабрларини масжид қилиб олишар эди. Ҳой! Қабрларни масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман!» дедилар».
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти