Skip to content
381 Hadislar

Payg'ambar hadislari ensiklopediyasi

Natijalarni filtrlash

381 kartadan 2

Filtrlarni tozalash

Rivoyat qilingan manba

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Эй бандаларим! Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим. Уни сизларнинг ораларингизда ҳам ҳаром қилдим. Бир-бирларингизга зулм қилманглар. Эй бандаларим! Мен тўғри йўлга йўллаганлардан бошқа ҳаммангиз адашгансиз. Мендан тўғри йўлни сўранглар, сизларни тўғри йўлга йўллайман. Эй бандаларим! Мен ризқлантирганлардан бошқа барчангиз очсиз. Мендан ризқ сўранглар, сизларни тўйдираман. Эй бандаларим! Мен кийим берганлардан бошқангиз яланғочсиз. Мендан кийим сўранглар, кийим бераман. Эй бандаларим! Сизлар кечаю кундуз хато (гуноҳ) қиласиз. Мен барча гуноҳларни кечиргувчиман. Мендан гуноҳларингизни кечиришимни сўранглар, гуноҳларингизни кечираман. Эй бандаларим! Менга зарар етказа олмайсиз, чунки зарарингиз етадиган даражада эмассиз. Менга фойда келтира олмайсиз, чунки фойда келтирадиган мавқеда эмассиз. Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар орангиздаги энг тақводор одамдек бўлса ҳам, мулкимни асло кўпайтирмайди. Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар энг фожир одамдек бўлса ҳам, мулкимдан бир нарсани камайтирмайди. Эй бандаларим! Сизлардан аввалгилар ва кейингилар, инсонлар ва жинлар ҳамма бир майдонга тўпланиб, Мендан сўраса, ҳар бир инсонга сўраганини берсам, мулким денгизга ботириб чиқарилган игнанинг учидаги сувчалик ҳам камаймайди. Эй бандаларим! Амалларингизни ҳисоблаб қўяман. Сўнг уларнинг эвазини (мукофоти ёки жазосини) тўлиқ қилиб бераман. Ким яхшиликни топса, Аллоҳ таолога ҳамд айтсин. Ким ёмонликка йўлиқса, ўзидан бошқани айбламасин!»
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларидан баъзи бировлар У зотга дедилар: — Ё Расулуллоҳ! Бой-бадавлат одамлар ажр-савобларни олиб кетишди-ку: улар биз намоз ўқиганимиздек намоз ўқишади, рўза тутганимиздек рўза тутишади ва ошиқча мол-давлатларидан садақа қилишади. — Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қилинадиган нарсаларни бермаганми? Ҳар бир тасбеҳингиз – садақа, ҳар бир такбирингиз – садақа, ҳар бир таҳлилингиз – садақа, яхшиликка буюриш – садақа, ёмонликдан қайтариш – садақа ва жуфтингиз билан қовушишингиз ҳам садақа! — Ё Расулуллоҳ! Агар биримиз шаҳватини қондирса, шунинг учун ҳам ажр оладими?! — Ахир у шаҳватини ҳаромга тўкканида гуноҳкор бўлармиди?! Демак, шаҳватини ҳалолга тўккани унинг учун ҳам ажр бўлади.
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти