Skip to content
381 Hadislar

Payg'ambar hadislari ensiklopediyasi

Natijalarni filtrlash

381 kartadan 84

Filtrlarni tozalash
«Умму Салама Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Ҳабашистондаги Мария деб номланувчи черков ва ундаги суратлар ҳақида кўрган нарсасини гапириб берганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Улар шундай қавмдирларки, агар ораларидаги бир солиҳ банда ўлса, унинг қабрига масжид бино қилиб, унга суратларни чизиб ташлайдилар. Улар Аллоҳнинг наздида махлуқотларнинг энг ёмонидирлар!», дедилар».
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ
«Эй Одамлар! Аллоҳ покдир ва фақат пок нарсанигина қабул қилади. Албатта, Аллоҳ пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам амр этди: «Эй Пайғамбарлар, ҳалол-пок таомлардан енглар ва солиҳ амал қилинглар. Мен нима қилаётганганингизни билувчиман». Яна айтганки: «Эй мўминлар, сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар». Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам узоқ сафарга чиққан, сочлари тароқ тегмаганидан патила-патила бўлиб кетган, чанг-тўзон сочининг рангини ўзгартириб юборган бир киши ҳақида гапирдилар: «Ҳалиги одам қўлларини кўкка чўзиб: "Ё Рабб! Ё Рабб!" деб дуо қилмоқда. Бироқ унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ўзи ҳаром билан озиқланган. Қандай қилиб унинг дуоси ижобат бўлсин?!»
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти
«Мўминлар ўзаро муҳаббатлашишда, ўзаро раҳмдилликда, ўзаро ҳамдардликда бутун бир танага ўхшайдилар. Жасаддан бирор аъзо оғриса, бутун жасад бунга уйқусизлик ва иситма билан жавоб қайтаради», –дедилар.
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ
«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида ўтирган эдик. Бир пайт кийимлари оппоқ, соч-соқоли қоп-қора, устида сафар аломати кўринмаётган (кийимларига гард қўнмаган-ки, узоқдан сафар қилиб келибди, десак) ва биронтамиз ҳам уни танимайдиган бир киши тўсатдан пайдо бўлди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб ўтирди, икки тиззасини (Расулуллоҳнинг) тиззаларига тиради (юзма-юз, бақамти бўлиб ўтириб олди), икки қўлини (ўзининг) сони устига қўйиб, «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ислом – «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва албатта, Муҳаммад Унинг элчисидир»,— деб гувоҳлик беришинг, намозни қоим қилишинг, закотни беришинг, Рамазон (ойи) рўзасини тутишинг ва йўлига қодир бўлсанг Байтга (Каъбага) ҳаж қилиб боришинг»,— дедилар. У: «Тўғри айтдинг»,— деди. Унинг ишидан ажабландик: ўзи сўраб, (жавобни) ўзи тасдиқлаяпти. Кейин: «Менга иймон ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Иймон) Аллоҳга, Унинг малоика-фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва қадарнинг яхшию ёмонига иймон келтиришинг»,— дедилар. У (одам): «Тўғри айтдинг»,— деб, кейин «Энди эҳсон ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Эҳсон) Аллоҳга Уни кўриб тургандек ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасанг, У сени кўради (биринчи ҳолатдагидек ибодат қила олмасанг, унда иккинчи ҳолатдагидек – Аллоҳ сени кўриб турганини ҳис қилиб, Унга ибодат қил)»,— дедилар. У (савол беришда давом этиб): «Қиёмат (қачон бўлиши) ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ҳақида сўралувчи сўровчидан илмлироқ эмас (сен унинг қачон бўлишини билмаганингдек, мен ҳам бу ҳақида ҳеч нарса билмайман)»,— дедилар. У: «Унда унинг аломатлари ҳақида хабар бер»,— деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Аломатлари) чўри ўз бекасини туғиши (фарзанд улғайиб ўз онасига худди чўрисидек муомала қилиши), ялангоёқ, яланғоч, қашшоқ, (олдин) қўй боқиб юрган кишилар баланд-баланд бинолар қуришда ўзаро мусобақага киришиши»,— дедилар. Кейин у одам кетди. Бир муддат жим туриб қолдик. Кейин (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Эй Умар, бу савол берувчи кимлигини биласанми?» – дедилар. «Аллоҳ ва Расули билгувчироқ», деб жавоб бердим. (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «У Жибрил. Сизларга динингизни ўргатиш учун келган эди»,— деб айтдилар».
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти
«Мунофиқларга энг оғир намоз Хуфтон ва Бомдод намозларидир. Агар у иккисидаги нарсани билганларида, эмаклаб бўлса ҳам келар эдилар. Батаҳқиқ, намозга амр қилиб, у қоим қилинганда бир кишини одамларга намоз ўқиб беришини буюриб, сўнгра ўзим ўтин боғламларини кўтарган одамлар билан намозга ҳозир бўлмаган одамларнинг олдига бориб, уйларига ўт қўйиб юбормоқчи бўлдим», дедилар».
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ
Аллоҳ ерни ўз қабзасига олиб, османоларни ўнг қўли билан буклайди. Сўнгра Аллоҳ: «Мен подшоҳман, ер подшоҳлари қаерда?», – дейди.
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этишларидан беш кун олдин шундай деганларини эшитганман: «Мен Аллоҳга бирортангиз билан халил (вафодор дўст) тутинмаслигимни айтаман. Аллоҳ таоло Иброҳимни халил тутганидек, мени ҳам халил тутди. Агар умматимдан халил тутинсам, Абу Бакр билан халил тутинган бўлар эдим. Билиб қўйинглар, сизлардан олдин ўтганлар анбиёлари ва солиҳларининг қабрларини масжид қилиб олишар эди. Ҳой! Қабрларни масжид қилиб олманглар! Мен сизларни бундан қайтараман!» дедилар».
Саҳиҳ Имом Муслим ривояти
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ансорлар хақида: «Уларни фақат мўмин яхши кўради ва фақат мунофиқ ёмон кўради. Уларни ким яхши кўрса, Аллоҳ уни яхши кўради ва ким уларни ёмон кўрса Аллоҳ уни ёмон кўради», – дедилар.
Саҳиҳ Муттафақун алайҳ