Skip to content
381 Hadislar

Payg'ambar hadislari ensiklopediyasi

Natijalarni filtrlash

381 kartadan 8

Filtrlarni tozalash
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга мавъиза қилдилар. Бундан қалблар қўрқувга тушди, кўзлар ёшга тўлди. «Ё Расулуллоҳ! Бу бамисоли видолашаётган кишининг мавъизасидек бўлди. Энди насиҳат қилинг!», – дедик. «Сизларга Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишни васият қиламан. Агар бир қул устингизга амир бўлса ҳам, унга қулоқ тутинг, итоат этинг! Ҳали сизлардан (узоқроқ) яшаганларингиз кўп ихтилофларни кўради. Бас, менинг суннатим ва ҳидоят қилинган, тўғри йўлдаги халифаларнинг суннатига эргашингиз! Уни ақл тишларингиз билан (маҳкам) тишлаб олинглар. Янги пайдо бўлган ишлардан эҳтиёт бўлинглар. Зеро, ҳар бир бидъат залолатдир», – дедилар.
Саҳиҳ Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти
«Огоҳ бўлингким, шояд ўз сўрисида суяниб ўтирган одамга мендан битта ҳадис етиб борса: «Биз билан сизларнинг ўртангизда Аллоҳнинг китоби бор. Унда нимани ҳалол деб топган бўлсак, ўша ҳалолдир. Нимани ҳаром деб топган бўлсак, ўша ҳаромдир», – дер. Ҳолбуки, Аллоҳнинг элчиси соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаром қилган нарса Аллоҳ ҳаром қилгани каби».
Саҳиҳ Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривояти
«Биз ва уларнинг (кофирларнинг) ўртамизни ажратиб турадиган нарса намоздир. Бас, ким намозни тарк қилса дарҳақиқат, кофир бўлибди» –дедилар».
Саҳиҳ Термизий, Насоий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти
Шумланиш ширкдир! (Бу сўзларини уч бора такрор айтдилар) Шумланувчилар биздан эмасдир, магар, қалбига беихтиёр келганлар мустасно. Лекин Аллоҳ (қалбга беихтиёр келган ёмон ҳаёлни) таваккул билан даф қилади», – дедилар».
Саҳиҳ Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти
"Кимки мунажжимликдан бир озгина ўрганса, демак у сеҳрдан бир оз ўрганибди. Зиёда бўлгани зиёда бўлаверади», дедилар».(Яъни мунажжимлиги кўпайгани сайин сеҳргарлиги ҳам кўпаяди)
Саҳиҳ Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти
«Умматимдан бир киши қиёмат куни халойиқ олдига чақирилади. Унинг учун тўқсон тўққизта катта китоб очилади. Ҳар бир китоб (узунлиги) кўз етгунча (масофада) бўлади. Кейин Аллоҳ азза ва жалла: «Бундан бирон нарсани инкор этасанми?» – деб сўрайди. Банда: «Йўқ, ё Раббим!» дейди. Аллоҳ: «Сақловчи-ёзувчи фаришталарим сенга зулм қилишдими?» – деб сўрайди. Банда: «Йўқ», – деб жавоб беради. Аллоҳ сўрайди: «Сенинг узринг борми, яхшилигинг борми?» Шунда ҳалиги киши қўрқиб кетиб: «Йўқ», – дейди. Аллоҳ: «Ҳа, албатта Бизнинг даргоҳимизда сенинг яхшиликларинг бор. Бугун сенга зулм қилинмайди», –деб айтади. Кейин ўша банда учун бир кичик варақа чиқарилади. Унда «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳ, ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ», – (деб ёзилган) бўлади. Шунда банда: «Ё Раббим, мана бу кичик варақа билан катта китоблар нима?», – деб сўрайди. Аллоҳ: «Сенга зулм қилинмайди», – дейди. Шунда катта китоблар бир паллага, кичик варақа бошқа паллага қўйилади. Китоблар юқорига кўтарилади, варақа оғир келади. Аллоҳнинг исмидан ҳеч нарса оғирроқ бўлмайди».
Саҳиҳ Термизий ва Ибн Можа ривояти
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир нарсани эслаб: «Бу, илм кўтарилган пайтда бўлади», - дедилар. Мен: «Ё Расулуллоҳ, биз Қуръон ўқиб, Қуръонни ўғилларимизга ўқитсак, ўғилларимиз ўғилларига Қиёмат кунигача ўқитишса, илм қандай қилиб кўтарилади (олиб қўйилади)?», - деб савол бердим. Расуллуллоҳ соллаллолҳу алайҳи ва саллам: «Яшшамагур, Мен сени Мадинадаги аъламлардан бири деб биламан. Яҳудий ва насронийларнинг Таврот ва Инжилни ўқиб, улардаги нарсаларга риоя қилмаётганларини кўрмаяпсанми?!»,- дея жавоб бердилар.
Саҳиҳ лиғойриҳ Ибн Можа ривояти
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда эдим. Бир кетаётганимизда У зотга яқин бўлдим. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, менга шундай бир амални айтингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирсин», – дедим. «Сен улкан нарса ҳақида сўрадинг», – дедилар. — Бироқ Аллоҳ таоло осон қилган кишига осондир: Аллоҳга бирон-бир нарсани шерик этмасдан ибодат қил. Намозни тўкис адо эт, закот бер, Рамазон рўзасини тут ва Байтуллоҳга ҳаж қил! Сўнг дедилар: «Сенга яхшилик эшикларини кўрсатайми?! Рўза қалқондир. Садақа бамисоли сув ўтни ўчирганидек гуноҳларни ўчиради. Кишининг тунда ўқиган намози ҳам (яхшилик эшикларидандир). Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги оятни тиловат қилдилар: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни тунларини ибодат билан ўтказиб оз ухлайдилар). Улар Раббиларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ эҳсон қилурлар. Бас уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини бирон жон била олмас» [Сажда: 16-17]. Сўнг дедилар: «Сенга ишнинг боши, устуни ва чўққиси ҳақида хабар берайми?!» «Ҳа, ё Расулуллоҳ!» – дедим. «Ишнинг боши Ислом, устуни намоз ва чўққиси Жиҳоддир», – дедилар. Сўнгра дедилар: «Сенга мана шуларнинг ҳаммасининг ўзаги хақида хабар берайми?!» «Ҳа, ё Расулуллоҳ!» – деб жавоб бердим. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилларини ушлаб дедилар: «Мана бунингни тийгин!» «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, нима, биз гапирган гапларимизга ҳам жавобгар бўламизми?!» – дедим. Шунда: «Сени йўқлаб, онанг йиғласин, ахир одамларни юзлари билан (ёки "бурунлари билан" дедилар) дўзахга қулатадиган нарса тилларининг мевалари эмасми?!» – дедилар.
Барча йўлларини жамлаш билан саҳиҳ Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти